ФОТОРЕПОРТАЖ
Сурхондарё вилояти Қизириқ туманида ижтимоий ҳимоя тизими тобора такомиллашиб, фуқароларнинг ҳаёт сифати ва турмуш фаровонлигини ошириш йўлида муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан эҳтиёжманд қатламни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларига ечим топиш ва ижтимоий фаоллигини кучайтириш алоҳида эътиборда.
[gallery-24156]
Марказда фаолият юритаётган ижтимоий ходимлар маҳаллаларда аҳоли билан юзма-юз мулоқотга киришиб, ҳар бир оиланинг дарди ва эҳтиёжини ўрганиб, аниқ ва манзилли ечимлар таклиф этмоқда. Туманнинг Работак маҳалласида фаолият юритаётган ижтимоий ходима Мавлуда Умбарованинг бу борадаги фаолияти эътиборга молик. Унинг саъй-ҳаракатлари билан фуқаро Шаҳноза Абилованинг фарзанди учун болалар нафақаси расмийлаштирилди, электр юритмали аравача олиб берилди, шунингдек, даволаниш учун реабилитация муассасасига йўлланма берилди. Шу маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаролардан яна бири Дилфуза Мирзаева учун ҳам кўрсатилган ижтимоий хизматлар кўлами кенг бўлди. Фуқаронинг фарзанди ПМПК (Психолого-медико-педагогик комиссия)га йўналтирилди, кундузги парвариш хизматига жалб этилди. Дилфуза Мирзаеванинг ўзи Қизириқ туман ветеринария бўлимига доимий ишга жойлаштирилди.
Янги турмуш маҳалласидаги фаолият юритаётган ижтимоий ходим Зоҳиджон Чориев ташаббуси билан эса фуқаро Фармон Тўрақулов ва унинг оиласига кенг қамровли ёрдам кўрсатилди. Набиралари расмий васийликка олинди, қизи Сайёра субсидия асосида тикув машинаси билан таъминланди. Оилани даромад манбаига эга қилиш мақсадида иссиқхона қуриб берилди, барча аъзолар тиббий кўрикдан ўтказилди. Шунингдек, ҳомийлар ёрдамида Фармон отанинг набираларига дарс тайёрлаш учун стол ва стул ҳам тақдим этилди.
Янги ҳаёт маҳалласида фаолият юритаётган ижтимоий ходима Надия Мирзаева ҳам ўз ибратли фаолияти билан ҳамкасбларига ўрнак бўлмоқда. Унинг кўмаги билан фуқаро Аслиддин Алимов электр юритмали аравача билан таъминланди ва туманнинг Ўрмон хўжалиги бўлимига ишга жойлаштирилди.
Туманда “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан амалга оширилаётган бу каби манзилли ёрдамлар аҳоли ўртасида катта мамнунлик билан қарши олинмоқда. Эҳтиёжманд фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб шароитлар яратиш, иш билан таъминлаш ва ижтимоий адолатни таъминлаш борасидаги бу каби амалий ишлар ҳудуднинг ижтимоий тараққиёти учун хизмат қилиши, шубҳасиз.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА