Қизилтепада токзорлар янада кенгаяди
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги олдидан
Мутахассисларнинг таъкидлашича, узум таркибида кўп миқдорда қандлар, органик кислоталар, С, В витаминлари, ошловчи ва бўёқ моддалар мавжуд бўлиб, халқ табобатида эса узум шарбати, шунингдек, узумнинг нордон навлари иштаҳани очувчи ва овқат ҳазм қилишни яхшиловчи восита сифатида қўлланилади.
Қизилтепа туманида ҳам ана шундай дармондориларга бой, юзлаб гектар боғлар, токзорлар бор. Бугунги кунда туманда жами токзорлар 709 гектарни ташкил этади. 2020 йилда 8 963 тонна ҳосил олиниб, аксарият қисми Навоий ва Бухоро вилоятларидаги бозорларга етказиб берилган бўлса, унинг 180 тоннаси Россия ва Қозоғистон давлатларига экспорт қилинган.
Тумандаги “Гулбоғ” маҳалласи азалдан шириндан мевалари-ю, тилни ёрар узумлари билан довруғ қозонган. Ғулбоғлик деҳқонлар нафақат ички бозорга, балки ташқи бозорга ҳам мева етказиб берувчи асосий қишлоқлардан бири ҳисобланади.
– Маҳалламизда 3426 нафар аҳоли истиқомат қилиб, оилалар сони 897 тани ташкил этади, – дейди маҳалла раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари Маърифат Қодирова. – Маҳалламизда аҳолининг асосий даромади боғдорчилик маҳсулотлари етиштиришдан олинади. Айни пайтда ҳудудда 42 нафар фермер 550 гектар майдонда боғдорчилик ва узумчилик билан шуғулланади. Улар ана шу ерга қилган меҳнатлари самараси боис тўкин яшашмоқда. Ҳар йили улар олган даромадларидан тўйлар қилаяпти, янгидан-янги уй-жойлар қураяпти, машина оляпти. Ҳаммаси шу меҳнатнинг орқасидан.
Ҳақиқатан, “Гулбоғ” маҳалласини айланар экансиз, серҳосил боғлар бисёр эканлигига гувоҳ бўласиз. Шу боис қай томонига қараманг, мевали боғларга, токзорларга кўзингиз тушади.
Лутфулло Раҳимов ҳудуддаги устоз боғбонлардан бири. У 2003 йилда “Абдукарим Чиннигул” фермер хўжалигини ташкил этиб, 20 гектарга яқин боғда мева етиштириб келмоқда. Шундан 4 гектари олмазор, қолгани узумзор. Узумзорларда узумнинг қора кишмиш, ҳусайни, келин бармоқ, янги навлардан эса сўғдиёна, данаксиз ҳусайни навлари ҳам етиштирилмоқда. Ҳар мавсумда ички бозорга 60-70 тонна, экспортга 30-40 тонна узум етказиб бермоқда.
– Эрта баҳордаги совуқ ҳосилдорлигимизга ҳам таъсир қилди, – дейди Л.Раҳимов. – Ҳар йили гектаридан 20-25 тонна ҳосил оладиган бўлсак, бу йилги ҳосилдорлик 10 тоннага тушиб қолди. Биз Наврўз кунига қадар токларни очиб қўйгандик. Совуқ таъсир қилди. Албатта, табиат ҳодисаларига ҳеч ким тўсқинлик қилолмайди. Аммо меҳнат қилган одам барибир меҳнатининг самарасини кўради.
Фермер-боғбон билан суҳбатлашар эканмиз, “ҳар бир киши ҳосилдан ушур бериши керак. Шу ушурни имкониятга яраша берамиз. Бермасангиз ҳосил бўлмайди, соғлик бўлмайди. Бу ҳам керак. Чунки халққа қилганинг ўзингга қилганинг – Ватанга қилганинг. Бу олийжаноб иш аслида”, дейди у.
“Акрам бобо” фермер хўжалиги ҳам ана шу “Гулбоғ” маҳалласида жойлашган. Фермер Ихтиёр Гадоев кўп тармоқли фермерлардан бири. У нафақат мевачилик ва узумчилик билан, шунингдек, чорвачилик ва паррандачилик билан ҳам шуғулланади. Қарийб 10 гектар майдоннинг 5 гектарида олма ва шафтоли, қолган қисмида узум етиштиради.
– Боғда олманинг 2, шафтолининг эса 6 нави бор, – дейди фермер. – Биргина шафтолининг ўзидан жорий йилда 50 миллион сўм фойда олдик. Узумдан ҳам фойдамиз чаккимас – 100 миллион сўм соф фойдани кўзлаб турибмиз. Ҳар йили асосан, Россия давлатига 30 тоннагача узум, 5 тонна майиз экспорт қиламиз. “Маҳфуза” фермер хўжалигининг 160 тонналик музлаткичи бор. Шартнома асосида меваларимизни ана шу музлаткичда сақлаймиз. 20 та қорамолимиз бор. Шундан 7 тасини гўштга боқаяпмиз. 4 та сигирдан кунига 100 литргача сут соғиб олинади. Юзга яқин ўрдак, курка, товуқлар бор. Фермер хўжалигимизда 8 та доимий, 50 та мавсумий ишчилар меҳнат қилади.
Маълумки, жорий йилнинг 7 июль куни Президентимиз узум етиштириш, уни саноат усулида қайта ишлашни ривожлантириш ҳамда ҳудудларда энотуризмни йўлга қўйиш чора-тадбирлари юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида юртимизда азалдан узумчилик анъанаси бўлгани, уни ривожлантириш учун катта имкониятлар борлигини алоҳида таъкидлаган ҳолда ҳар бир вилоятда янги экспортбоп узум плантациялари ташкил этиш ташаббусини илгари сурган эди.
Айни пайтда Қизилтепа туманида ҳам ҳудудларни узумчиликка ихтисослаштириш ва аҳоли хонадонларида узум етиштириш тизимини жорий этиш юзасидан ишлар бошлаб юборилган.
– Айни пайтда туманда узум етиштириш, сақлаш, қуритиш, қадоқлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилишнинг тўлиқ циклини яратиш мақсадида узумчилик кластерларини ташкил этиш борасида ишлар олиб борилаяпти, – дейди туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Алишер Умедов. – Бунда ўзлаштириладиган ва яроқсиз боғ, токзорлар ўрнида узумчилик плантацияларини барпо этиш учун ер майдонларини ажратиш ва талабгорларга қарор билан бириктириш, узум плантациялари учун ер майдонлари ажратилишида контурлар яхлитлигига алоҳида эътибор қаратиш, ҳудудларнинг ихтисослашувидан келиб чиқиб, аҳоли хонадонларида узум етиштириш тизимини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, соҳага илғор инновацион технологиялар ва илм-фан ютуқларини жорий этиш ҳамда “ин-витро”лабораторияларида ва иссиқхоналарда узум кўчатларини етиштиришни ташкил қилиш, ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларига мос бўлган, совуққа ва қурғоқчиликка чидамли, уруғсиз узум навларини танлаш ва экишни ташкил этиш, узумчилик ва боғдорчилик йўналишида “Боғбонлар мактаби”ни ташкил қилиш ва аҳолини, хусусан, ёшларни жалб қилган ҳолда, қисқа муддатли ўқишлар ўтказиш режалаштирилган.
Ҳудудда узумчилик кластерлари томонидан 2021 йилда 1 100 гектар, 2022 йилда 2 400 гектар токзорлар ташкил этиш режалаштирилмоқда. Ушбу токзорларнинг 1 221 гектари янги ўзлаштириладиган майдонларда, 2 279 гектари эса яроқсиз боғлар ўрнида ташкил этилади.
Бир сўз билан айтганда бугун қизилтепалик боғбонларнинг битта эзгу мақсади бор. У ҳам бўлса юрт тинчлиги, Ватан равнақи ва халқ фаровонлигини таъминлашга ҳисса қўшиш. Айни пайтда улар халқимиз дастурхонига сара боғдорчилик маҳсулотларини етказиб бериш мақсадида меҳнат қилмоқда.
[gallery-3452]
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА