Қизилтепада “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви
Навоий вилоятининг Қизилтепа туманидаги “Нафосат” маданият марказида туман ҳокими Улуғбек Файзиев иштирокида “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви ўтказилди.
Унда сектор ва ташкилотлар раҳбарлари, “Беш ташаббус олимпиадаси” ва “Зукко ёш китобхон” кўрик-танлови совриндорлари, турли мусобақаларда мамлакатимиз байроғини баланд кўтараётган ёшлар иштирок этди.

Учрашувда мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган шароитлар, берилаётган имкониятлар, Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасидаги энг устувор вазифалар ҳақида сўз борди.

Жорий йил сентябрь ойида бошланган “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг иккинчи мавсуми мусобақаларида иштирок этиш учун қизилтепалик 30 ёшгача бўлган 41 минг 424 нафар йигит-қиз рўйхатдан ўтган эди. Уларнинг 20 нафари республика босқичида ғолиб ва совриндорлар сафидан жой олди.
Жумладан, стол тенниси мусобақасининг 27-30 ёшлилар ўртасида “Ҳумо” маҳалласида истиқомат қилувчи Мафтуна Исроилова 2-ўринни, 22-26 ёшлилар ўртасида стол теннисида “Ванғози” маҳалласида истиқомат қилувчи Фазлиддин Тешаев, миллий курашда “Бўстон” маҳалласида истиқомат қилувчи Шахриддин Қурбонов, волейбол мусобақасида эса “Нурафшон” маҳалласи йигитлари 3-ўринни қўлга киритди.

Шунингдек, енгил атлетика мусобақасида 22-26 ёшлилар ўртасида “Мустақиллик” маҳалласи қизлари 2-ўринни, 16-21 ёшлилар ўртасида “Варозун” маҳалласи йигитлари 3-ўринни банд этди.
Иккинчи мавсумнинг янги лойиҳаларидан бири сифатида киритилган “Миллий ва замонавий мусиқа асбоблари” йўналишининг доира гуруҳида 23-30 ёш тоифасида “Буюк ипак йўли” маҳалласида яшовчи Нозим Намозов 1-ўрин, қашқар рубобида 10-15 ёшдаги иштирокчилар ўртасида “Айрончи” маҳалласида яшовчи Шохруҳ Ҳожиқурбонов 2-ўринни қўлга киритди. Натижада ғолиб ва совриндорлар истиқомат қилаётган маҳаллаларда варкаут, стреет варкаут спорт майдончалари қуриладиган бўлди.

Туман ҳокимининг ташаббуси билан ўтказилган “Зукко ёш китобхон” кўрик-танловида ҳам барча маҳаллалардан китобхон ёшлар иштирок этиб, якунда “Кулолон” маҳалласи ёшлари ғолиб бўлди.
Тадбирда барча ғолиб ва совриндор ёшларга эсдалик нишонлари ва қимматбаҳо совғалар топширилди. Энг сара қўшиқлар ижро этилди.
Абдували Бўриев, ЎзА