“Қизилқум санъат ғунчалари”
Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида НКМК тизимидаги маданият муассасаларининг санъатсевар ёшлари ўртасида анъанавий “Қизилқум санъат ғунчалари – 2025” болалар кўрик-танлови – фестивали бўлиб ўтди.
Бу йилги кўрик танловда НКМК тасарруфидаги маданият муассасаларининг 700 нафарга яқин санъатсевар ўғил-қизлари иштирок этди. Улар ижрочиликнинг хонандалар, вокал гуруҳлари, оркестрлар ва зарбли чолғу ансамбллари, шунингдек, рақс жамоалари ва ансамбллари йўналишларида маҳоратларини намойиш этди.


– “Қизилқум санъат ғунчалари – 2025” болалар кўрик-танлови – фестивалига таклиф қилишганида аввалига иккиландим, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Рушана Султонова. – Навоийга келгач, “Фарҳод” маданият саройида ташкил этилган фестивалнинг очилиш маросимини кўриб ҳайратда қолдим. Фестиваль юқори савияда ташкил этилган ва ижодий жамоалар қаттиқ тайёргарлик кўрган. Айниқса, рақс жамоалари ичидан энг яхшиларини танлаш ҳатто мен учун ҳам мураккаблик қилди, десам адашмайман. Бири-бирини такрорламас либосларда миллатларга хосликни кузатиб, НКМКдек кўп миллатли жамоада миллатлараро бағрикенглик, миллий санъатга ҳурмат нақадар улуғланганлигига яна бир бор гувоҳ бўлдим.


Танловнинг ҳар бир йўналишида болажонлар томонидан ижро этилган қуй-қўшиқлар, рақслар ҳар бир кишини ҳайратга солгани аниқ. Тажрибали ҳакамлар ижродаги маҳорат билан бирга қўшиқларнинг бадиий савияси, мавзудаги самимиятга эътибор қаратди.
Танлов якунида иштирокчилар томонидан гала концерт намойиш этилиб, ғолиб ва совриндорларга диплом ҳамда эсталик совғалари топширилди.


А.Бўриев, ЎзА мухбири