“Қизилқум” “Машъал”ни мағлуб этди
Навоий шаҳридаги “Ёшлик” ўйингоҳида Суперлиганинг 12-турида “Қизилқум” Муборакнинг “Машъал” жамоасини қабул қилиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Дастлабки дақиқаларданоқ мезбонлар майдонга фақат ғалаба қозониш мақсадида тушганини исботлади. Учрашувнинг 11-дақиқасида Байдуллаевнинг бурчакдан узатган тўпини Ватсадзе боши билан меҳмонлар дарвозаси томон йўналтирди, аммо тўп тўсинга тегиб қайтди.
Меҳмонлар ҳам ҳужумга ҳужум билан жавоб қайтарди. Самуэль Онониву Чигозе томонидан берилган зарба эса ноаниқ кетди.
Ўйиннинг 19-дақиқасига келиб ҳисоб ўзгарди, 1:0. “Қизилқум”нинг тажрибали ярим ҳимоячиси жарима тўпидан унумли фойдаланиб, рақиб дарвозабонини доғда қолдирди. Бу Байдуллаевнинг кетма-кет тўртта ўйинда урган 4-голи бўлди.
29-дақиқада меҳмонлар ўз жарима майдони ичида Салим Мустафоевга нисбатан қўполлик ишлатди. Рақиб дарвозаси томон белгиланган пенальтини эса Элгужа Григалашвили аниқ бажариб, ҳисобни оширди – 2:0.
Голдан кейин ҳар иккала жамоа ўйинчиларида ҳам қулай имкониятлар бўлди. Аммо айрим вазиятларда дарвозабонларнинг маҳорати, айрим вазиятларда эса ҳужумчиларнинг ноаниқ ҳаракати боис ўйин охирига қадар ҳисоб ўзгармасдан қолди.
Ушбу ғалабадан кейин “Қизилқум” очколари сонини 20 тага етказиб, турнир жадвалида 4-ўринга кўтарилиб олди.
Абдували Бўриев, ЎзА