Қитъанинг энг кучлилари Тошкентда аниқланади
Бугун, 16 декабрь куни пойтахтимиздаги «Юнусобод» спорт мажмуасида каратэнинг WKF йўналиши бўйича ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасида қитъа чемпионати бошланди.
Кеча ушбу чемпионат доирасида ўтказилган Осиё каратэ федерацияси конгрессида иштирок этган Бутунжаҳон каратэ федерацияси президенти Антонио Эспинос, Осиё каратэ федерацияси президенти, генерал-майор Насир Абдурраззоқ каби мартабали меҳмонлар Ўзбекистон кейинги йилларда йирик спорт мусобақалари ўтказиладиган мамлакатга айланиб бораётганлиги, бу ерда спорт турларининг халқаро ривожи борасида муҳим қарорлар қабул қилинаётганлигини эътироф этди.

Тадбирда қатнашган Миллий Олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов қитъа чемпионати туфайли Осиёнинг энг кучли каратэчилари Тошкентда жам бўлганлиги қувончли ва эътиборли воқеа эканлигини таъкидлади.
Ўзбекистон каратэ WKF федерацияси раиси Рашид Толипов, Миллий Олимпия қўмитаси раиси ўринбосари Шерзод Тошматов, Осиё мамлакатлари каратэ федерацияси раҳбарлари, Миллий олимпия қўмитаси мутасаддилари иштирок этган конгресс давомида жорий йилда амалга оширилган ишлар, ютуқ ва камчиликлар муҳокама қилинди.

Шунингдек, 2023 йил Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтадиган Осиё ўйинлари дастуридан ўрин олган каратэ мусобақалари тайёргарлигига эътибор қаратилди.
Эслатиб ўтамиз, пойтахтимизда каратэ бўйича бошланаётган қитъа чемпионати баҳслари 20 декабрга қадар давом этади.
Т. Рўзиев, ЎзА