Қисқичли ўйин: бола онгига яширин таъсир
Мулоҳаза
Бугунги кунда шаҳарлар кўчаларида, айниқса, мактаблар атрофида кўпайиб бораётган автомат ўйин қурилмалари кўпчиликка оддий кўнгилочар восита бўлиб туюлиши мумкин. Аммо уларнинг болалар онгига таъсири ўйлаганимиздан кўра жиддийроқ.
“Prize crane machine” (инглизчадан: prize — мукофот, crane — қисқич; ўзбекча: мукофотли қисқичли ўйин автомати) деб аталадиган бу қурилмалар ташқи кўринишидан безарар. Ичида ранг-баранг ўйинчоқлар жойлаштирилгани эса болани ўзига тез жалб этади.
Ўйин жараёни содда: пул ташланади, қисқич ҳаракатлантирилади ва қисқа вақт ичида ўйинчоқни илиб олишга уриниш амалга оширилади. Аммо қурилма механизми шундай мосланганки, кўп ҳолларда уриниш муваффақиятсиз якунланади. Шу пайтда болада “яна бир бор уриниб кўриш” истаги пайдо бўлади. Ана шу ҳолат аста-секин қимор ўйинларига хос психологик ҳолатни шакллантиради.
Ҳар бир ота-она фарзандига пул беришда унинг қандай сарфланаётганини назардан четда қолдирмаслиги керак. Агар болада шундай автоматларга қизиқиш кучаяётгани сезилса, бу оддий ўйин эмаслиги, балки одатга айланиб қолиши мумкинлиги тушунтирилиши зарур.
БМТнинг Болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясида болаларни жисмоний ва маънавий зарар етказиши мумкин бўлган омиллардан муҳофаза қилиш устувор вазифа сифатида белгиланган. Шу маънода болаларни қиморга ўхшаш таъсирларга эга воситалардан асраш муҳим аҳамият касб этади.
Президентимизнинг 2019 йил 22 апрелдаги “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ҳам болаларни зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш, улар учун соғлом ва хавфсиз муҳит яратиш вазифалари белгилаб берилган.
Мутахассислар фикрича, бу каби ўйинлар бола тафаккурида нотўғри қарашларни шакллантириши мумкин.
— Ушбу ўйин автоматлари болаларнинг меҳнатга, сабр-тоқатга бўлган муносабатини издан чиқаради, — дейди Жиззах давлат педагогика университети мактабгача ва бошланғич таълим факультети доценти Бахтиёр Сувонқулов. — Болада муваффақият меҳнат орқали эмас, тасодиф орқали келади, деган тушунча шаклланади. Бу эса психологик жиҳатдан носоғлом қарашдир. Шунингдек, болада мағлубиятни тўғри қабул қилмаслик, осон йўл билан натижа кутиш каби иллатлар пайдо бўлиши мумкин.
Бундай ўйинлар болада меҳнат орқали ютуққа эришиш қадрини пасайтириб, “осон ютуқ” иллюзиясини шакллантиради. Натижада вақт ўтиши билан бу оддий қизиқиш одатга, ҳатто қарамликка айланиши эҳтимолдан холи эмас.
Юртимизда қимор ўйинлари қонунан тақиқланган бўлса-да, айрим кўнгилочар воситалар орқали унинг айрим элементлари болалар ҳаётига сездирмасдан кириб келмоқда. Бу эса алоҳида эътибор талаб қилади.
Шу нуқтаи назардан қараганда, мазкур масала фақат оила доирасидаги тарбия билан чекланиб қолмаслиги лозим. Мактаблар атрофида бундай ўйин автоматларини жойлаштиришни тартибга солиш, уларнинг таъсири ҳақида тушунтириш ишларини кучайтириш, жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш зарур.
Хулоса шуки, “қисқичли ўйин” деб қаралаётган бу қурилма аслида бола онгига таъсир қилувчи омиллардан бирига айланмоқда. Уни бефарқлик билан қабул қилиш эмас, балки англаб, тегишли хулоса чиқариш давр талабидир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири