Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қисқа роликларнинг катта таъсири

Ахборот маконида маълумотлар шу қадар кўпки, инсон эътиборини жалб қилиш тобора мураккаблашиб бормоқда. Ижтимоий тармоқлар, реклама, янгиликлар оқими ва кўплаб мультимедиа контентлар орасида муҳим ижтимоий ғояларни етказиш учун қисқа, таъсирчан ва эсда қоладиган шакллар зарур бўлмоқда. Шу жиҳатдан мультфильм шаклидаги ижтимоий роликлар бугунги коммуникация тизимида алоҳида ўрин эгаллайди.

Анимация орқали яратилган ижтимоий роликлар оғир ва мураккаб мавзуларни ҳам енгил, тушунарли ва рамзий маънода ифодалаш имконини беради. Оддий чизиқлар, образлар ва қисқа ҳикоя орқали томошабинга чуқур фалсафий ёки ижтимоий фикр етказиш мумкин. Бу эса анимацияни нафақат кўнгилочар санъат тури, балки жамият муаммоларини кўрсатадиган кучли коммуникация воситасига айлантиради.

Анимациянинг энг муҳим хусусиятларидан бири унинг рамзий тилидир. Реал кино кўпинча воқеликни аниқ тасвирлашга интилса, анимация эса метафора ва образлар орқали фикрни етказади. Натижада томошабин оддий воқеани томоша қилаётгандек туюлади, аммо унинг ортида чуқур ижтимоий маъно яширинган бўлади.

Психологлар фикрича, инсон мияси рамзий образларни тезроқ қабул қилади ва улар хотирада узоқроқ сақланади. Шу сабабли қисқа анимацион роликлар кўпинча катта таъсир кучига эга бўлади. Айниқса, болалар ва ёшлар учун анимация орқали берилган ижтимоий ғоялар анча самарали ҳисобланади.

Франсуз анимация студияси томонидан яратилган “Севилмаган бўри” ролиги ижтимоий анимация намуналаридан бири сифатида кенг танилган. Ушбу ролик қисқа вақт ичида интернет тармоқларида тез тарқалиб, миллионлаб томошабинларнинг эътиборини тортган.

Ролик воқеаси оддий оилавий саҳна билан бошланади. Янги йил арафасида оила аъзолари байрам дастурхони атрофида йиғилади. Лулу исмли кичкинтой совға қутисини очиб, ичидан ўйинчоқ бўри чиқишини кўриб қўрқиб кетади ва уни қайтариб беради. Шунда совға эгаси унга бошқача бўри ҳақида ҳикоя қилиб беради.

Ҳикояда ўрмондаги барча ҳайвонлар қўрқиб қочадиган ёлғиз бўри тасвирланади. У йиртқичлиги сабабли ҳамма томонидан ёмон кўрилади. Аммо у бошқаларнинг ишончи ва муҳаббатига эришиш учун ўзини ўзгартиришга қарор қилади ва ҳатто вегетарианга айланишга ҳам тайёр бўлади.

Бу ролик орқали жамиятда мавжуд стереотиплар масаласи кўтарилади. Баъзан одамлар ташқи кўриниш ёки олдиндан шаклланган тасаввурлар асосида баҳоланади. Аслида эса ҳар бир инсоннинг ички дунёси бошқача бўлиши мумкин. Ролик томошабинни ана шу стереотиплардан воз кечиб, бошқаларга ҳамдардлик билан қарашга ундайди.

Аргентиналик аниматорлар томонидан яратилган “Тhе Employment” (“Иш билан таъминланганлик”) номли қисқа метражли анимация ҳам ижтимоий мазмуни билан ажралиб туради. Ушбу ролик замонавий жамиятдаги ижтимоий инсоннинг қадрсизланиши муаммосини кўрсатади.

Роликдаги дунё ғайриоддий: унда барча буюмлар ўрнини одамлар эгаллаган. Масалан, чироқ ўрнида одам туради, стол-стул вазифасини ҳам инсонлар бажаради, ҳатто йўлакдаги гилам ҳам одамлар орқали тасвирланади. Бу образ орқали муаллифлар жамиятдаги айрим инсонлар бошқалар томонидан оддий восита сифатида кўрилишини танқид қилади.

Роликнинг кучли жиҳати шундаки, унда деярли диалог йўқ. Барча фикрлар визуал образлар орқали ифодаланади. Бу эса анимациянинг универсал тилга эга эканини кўрсатади: у турли маданият ва тилларга мансуб томошабинлар томонидан бирдек тушунилади.

Аниматор Стив Каттс томонидан яратилган “Маn” (“Инсон”) ролиги экологик мавзудаги энг машҳур анимацион асарлардан биридир. Бу ролик инсониятнинг табиатга бўлган бепарво ва тажовузкор муносабатини кескин танқид қилади.

Роликда инсон дунёга келади ва ўз йўлида учраган барча нарсани истеъмол қила бошлайди. У ҳайвонларни овлайди, ўрмонларни кесади, саноат ишлаб чиқаришини ривожлантиради ва натижада табиатни вайрон қилади. Ҳар бир саҳна инсон фаолияти натижасида табиатнинг қандай зарар кўраётганини кўрсатади.

Роликнинг якуний саҳнаси жуда рамзий маънога эга: инсон ўзи яратган чиқиндилар уюми ичида қолиб кетади. Бу орқали муаллифлар экологик муаммолар инсониятнинг ўзига қарши қайтишини кўрсатади.

Анимацион ижтимоий роликлар орасида “Алике” “Ўхшашлар” номли фильм ҳам ўзининг чуқур фалсафий мазмуни билан ажралиб туради. Ушбу ролик ота ва ўғил муносабатлари ҳамда таълим тизимининг айрим муаммоларини тасвирлайди.

Роликдаги дунё хира рангларда тасвирланган. Одамлар бир хил ҳаракат қилади, бир хил ишлайди ва бир хил фикрлайди. Фақат кичкина бола ёрқин рангларда тасвирланган бўлиб, бу унинг ижодкорлиги ва эркин тафаккурини англатади. Бироқ мактаб ва жамият аста-секин уни ҳам бошқалар каби “рангсиз” тизимга мослашишга мажбур қилади.

Фильм якунида ота ўғлининг ички рангини, яъни унинг ижодий қобилиятини сақлаб қолиш учун тизимга қарши чиқади. Бу саҳна томошабинни таълим тизимининг асл мақсади ҳақида ўйлашга ундайди: таълим болаларни стандарт қолипга солиш учун эмас, балки уларнинг индивидуаллигини ривожлантириш учун хизмат қилиши керак.

Ижтимоий анимацион роликлар кўпинча минималистик услубда яратилади. 2D минимализм, оддий чизиқлар, содда шакллар ва кам ранглардан фойдаланишни англатади. Бу услуб томошабиннинг диққатини ортиқча визуал тафсилотлардан чалғитмайди ва асосий ғояга қаратади.

Бошқа томондан, айрим анимациялар 3D услубда яратилади. Бу услуб воқеликни барча деталлар билан тасвирлаш имконини беради ва томошабинда кучли эмоционал таъсир уйғотади. Ҳар иккала услубнинг мақсади бир хил ижтимоий ғояни энг самарали тарзда етказиш.

Бугунги кунда қисқа видео форматлари (шорт видео) интернет маконида энг оммабоп контентлардан бири ҳисобланади. Анимацион ижтимоий роликлар ҳам айнан шу форматга мос келади. Улар одатда 2–5 дақиқа давом этади, аммо шу қисқа вақт ичида томошабинда кучли ҳиссий ва интеллектуал таъсир уйғотади.

Бундай роликлар ижтимоий тармоқлар орқали тез тарқалади ва миллионлаб одамлар томонидан томоша қилинади. Натижада улар жамиятда муҳим масалалар бўйича жамоатчилик фикрини шакллантиришга ҳам хизмат қилади.

Инсонни бошқа мавжудотлардан ажратиб турадиган энг муҳим хусусиятлардан бири бу унинг тафаккур қилиш қобилиятидир. Анимацион ижтимоий роликлар эса айнан шу тафаккурни уйғотишга хизмат қилади. Улар томошабинни нафақат воқеани кўришга, балки унинг ортидаги маънони англашга ундайди.

Бундай роликлар жамиятдаги муаммоларни кўрсатади, инсонни ўз хатти-ҳаракатлари ҳақида ўйлашга мажбур қилади ва баъзан дунёқарашни ўзгартиришга ҳам сабаб бўлади. Шу жиҳатдан анимация ижтимоий онгни шакллантиришда муҳим маданий восита ҳисобланади. Мультфильм шаклидаги ижтимоий роликлар замонавий коммуникация воситалари орасида ўзига хос ўрин эгаллайди. Улар қисқа бўлса-да, чуқур ижтимоий ва фалсафий ғояларни ўзида мужассам этади. 

 

Дилдора ДЎСМАТОВА,
ЎзА