Табиий фан (SCIENCE) амалиётга киритилишидан олдин халқаро амалиёт, Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган хусусий ва хорижий мактаблар тажрибаси ўрганилди.
Янги фан ўқувчиларни кичик ёшидан табиий фанларни ўқишга рағбатлантириш, уларда олам ҳақида яхлит тасаввур пайдо қилишга ёрдам беради. Бу билан бола табиий фанлар, жумладан, физика ва кимё қийин эмас, балки қизиқ фанлар эканини англайди, уни ўрганишга ўзида рағбат сезади.
Табиий фан (SCIENCE) қайсидир фандан воз кечиш ёки қайсидир фаннинг ўрнига жорий этилаётгани йўқ. Аксинча, у таълим сифатини ошириш учун мавжуд фанларни интегратив тарзда ўқитилишини таъминлайди.
Савол туғилади. Энди бу янги фан, Табиий фанлардан қайси ўқитувчилар дарс беради?
Агар бошланғич синфлар дарсликлари болалар учун жозибали, қизиқарли, ранг-баранг қилиб ишлаб чиқилса, фанни ўрганиш ўқувчиларга осон бўлади.
Худди шунингдек, фанни ўқитиш учун энг мақбул методларни, тавсияларни ўз ичига олган ўқитувчилар учун ҳам алоҳида методик қўлланма – ўқитувчи китоблари ишлаб чиқилади. Улар ёрдамида дарс бериш устозлар учун ҳам оғир бўлмайди.
1-4-синфларда табиий фанни ўқитиш бошланғич синф ўқитувчиларига юклатилиши тавсия этилади. Ҳозир ҳам «Атрофимиздаги олам» фанидан асосан бошланғич синф ўқитувчилари дарс бериб келмоқда.
Айни пайтдаги дарсликларда айрим мавзулар ўқиш, «Атрофимиздаги олам», одобнома фанларида ҳам айнан такрорланган. Табиий фан (SCIENCE)да мавзулар бошқа фанлар билан бир-бирини мантиқий тўлдирувчи, фанлараро узвийликни таъминлаган ҳолда ишлаб чиқилади.
Она тилида бирор мавзудаги матннинг мантиқий жиҳати, табиий фанда эса матнда келтирилган ҳодиса, жараён ёки ўрганиш предметининг табиий хусусиятлари ўрганилади. 5-синфда табиий фан 3 соат ўқитилиши ва уни биология, география ва иқтисод фани ўқитувчилари, шунингдек, 6-синфда биология, география, физика фанлари ўқитувчилари ўтиши тавсия қилинмоқда.
Буни аниқлаш учун ўқитувчилар билан ишланади. Уларнинг малакасини ошириш, қайта тайёрлаш орқали улар шу дарсларни ўтишга тайёрланади. Бундай имконият уларга махсус мақсадли ўқув курсларидан муваффақиятли ўтгандан сўнг берилади.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг 2021 йил 24 декабрдаги “Умумий ўрта таълим мактаблари учун 2022-2023 ўқув йилига мўлжалланган таянч ўқув режани тасдиқлаш тўғрисида”ги 414-сон буйруғида умумий ўрта таълим муассасаларининг бошланғич 3-синф раҳбарлари ва 6-синф физика, биология ва география фанлари ўқитувчилари учун Табиий фан (Science)нинг мазмун-моҳияти бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш, ўқув курсларини муваффақиятли якунлаган ўқитувчиларга сертификат бериш вазифаси белгиланган эди. Бунинг ижроси бўйича Халқ таълими вазирлиги, А.Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти, Республика таълим маркази ва ЮНИСЕФ халқаро ташкилоти ҳамкорлигида умумий ўрта таълимнинг Миллий ўқув дастури асосида Табиий фанлар (Science)ни мактабда сифатли ўқитиш бўйича ЮНИСЕФ, Республика таълим маркази билан ҳамкорликда ҳудудлардан таклиф этилган мутахассислар учун ўқув-семинар ташкил этилди. Ўқув якунида Табиий фанлар бўйича Миллий ўқув дастурини ўқитиш бўйича 50 нафар тренер тайёрланди. Мазкур тренерлар Миллий ўқув дастури асосида мактабда Табиий фанлар (Science)ни сифатли ўқитиш бўйича ўқитувчилар учун қисқа муддатли ўқув курсларида тренерлик қилади.
Табиий фанлар 1-6-синфларда ўқитилади ва бу жараёнда тизимдаги 503,0 минг нафар ўқитувчининг 181,1 минг нафари, яъни 35 фоизи иштирок этади.
Жумладан, бошланғич таълим (117,7 минг), биология (19,1 минг), география (15,0 минг), физика (15,9 минг), кимё (13,6 минг) ўқитувчиларнинг малакасини қисқа муддатда ошириш талаб этилади. Бундай интенсив ўқитишни ташкил этишда нафақат методистлар, ҳудудий Педагогика миллий марказлари профессор-ўқитувчиларига таяниш, балки, рақамли технологиялардан фойдаланиш-стратегик тўғри йўл бўла оларди.
Халқ таълими вазирлигининг А.Авлоний номидаги МТИ томонидан мақсадли ва қисқа муддатли ўқувларни ташкил этиш учун яратилган uzlms.uz платформаси ўқитувчиларнинг катта контенгентини қисқа муддатда ўқитиш имкониятини берди.
Ҳудудий халқ таълими бошқармалари томонидан 3- ва 6-синфларда 2022/2023 ўқув йилида Табиий фандан дарс берадиган 48,0 мингдан ортиқ ўқитувчилар рўйхати шакллантирилиб, улар мазкур платформа орқали ўқув йили бошлангунга қадар ўқитилиши зарур эди.
Миллий ўқув дастури асосида Табиий фанлар бўйича қисқа муддатли малака ошириш курсларида ўқитишни ташкил этиш мақсадида институт томонидан ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда 72 та видеодарс, маъруза матнлари, тақдимотлар, видеокурслар ва ҳар бир мавзу юзасидан тест саволлари банки яратилди ҳамда uzlms.uz электрон платформага жойлаштирилди.
Қисқа муддатли ўқув курсида 48,0 минг нафар ўқитувчини қамраб олиш режалаштирилган бўлсада, бугунги кунда мазкур курсда ўқиш учун платформа орқали жами 53,02 мингга яқин (режага нисбатан 111%) ўқитувчи, жумладан, 27 723 нафар бошланғич 3-синф синф раҳбарлари ва 25 297 нафар 6-синф (география, биология, физика) ўқитувчилари рўйхатдан ўтиб, ўқимоқда.
Тингловчиларга институт мутахассислари томонидан 24/7 тартибида техник кўмак бериб борилмоқда.
Ҳозирги кунга келиб ушбу телеграм гуруҳда 47 000 га яқин тингловчи аъзо, шу кунга қадар 540 000 дан ортиқ мурожаатларга жавоблар берилди. Ушбу гуруҳни юритиб бориш учун жами 12 нафар институт ходими жалб қилиниб, ҳар куни соат 8:00 дан кечки 24:00 га қадар 16 соат давомидa фаолият юритади.
Курслар бошланганига 25 кун бўлди, 2022 йил 22 август ҳолатига кўра 34,8 мингдан ортиқ ўқитувчи малака ошириш курсларини муваффақиятли якунлаб, сертификатга эга бўлди.
Табиий фанлар (Science) қисқа муддатли ўқув курсида ўқиган ўқитувчиларнинг курс ҳақидаги фикр ва мулоҳазаларини ўрганиш мақсадида платформада имконият яратилган бўлиб, у орқали берилаётган фикрлар ва таклифлар ўрганилмоқда, улар асосида малака ошириш курси мазмуни бойитиб борилмоқда.
Бугунги кунгача мазкур имкониятдан фойдаланган ҳолда 1386 нафар ўқитувчи (сертификат олганларнинг 4%) курс мазмуни, платформа имкониятлари ва тингловчиларга кўрсатилаётган техник кўмакка нисбатан ўз фикрларини қолдирган.
Ўқитувчиларнинг 96,03 тақдим этилган мазкур курсни 5 баллга (5 баллик шкалада) баҳолаган.
Тингловчилар томонидан билдирилган фикрлардан ўқитувчиларнинг катта контенгентини таълим мазмунидаги янгиликлар билан таништириш, уларга ўқитишнинг янги методикаларини ўргатишда вақт, маблағларни тежаш ва рақамли ресурслардан самарали фойдаланиш, ўқитувчиларда ўз устида ишлаш ва бунда ахборот коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш маданиятини оширишга эришиш мумкин, деган хулоса келиб чиқади.
Бундан ташқари, ўқитувчиларга узлуксиз касбий ривожланишда манзилли кўмаклашиш ва келгусида бундай лойиҳаларни амалга оширишга ишончи ортиши, ўқитувчи маҳоратини ошириш орқали мактабда фанларни сифатли ўқитиш ва натижада ўқувчиларни ҳаётга самарали тайёрлаш имконияти яратилади.
Аюбхон Раджиев,
А.Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти ректори.
ЎзА