Қишлоқдаги ободликдан кўнгил чароғон
Тошкентдан Навоий вилоятининг Хатирчи тумани сари борар эканмиз, автоулов ойнасидан улкан бунёдкорлик, ободончилик ишларию гўзал манзараларга кўзим тушиб, қалбим фахр-ифтихорга тўлади, ўзимни енгил ҳис қиламан.
Шундай кайфият билан қишлоғимиз Исломободга — ўзим туғилиб ўсган хонадонга кириб борганимизда шом тушиб қолганди. Уйдагилар билан салом-аликдан сўнг дастурхон ёзилиб, кечки овқат тортилди. Эртаси куни саҳарда ширчой ва донғи кетган Хатирчи патири билан нонушта қилдик.
Анча йилдан буён қишлоғимга бунча муддатга бормаган эдим. Одатга кўра, аввал таъзияли хонадонларга кирдик, қариндошларни йўқлаб, тўй-маъракаларда иштирок этдик. Бу жараёнлар қадрдон қишлоқдошларим билан дилдан мулоқот қилиш, уларнинг кайфияти ва руҳиятини яқиндан билиш имкониятидир.
...Қишлоғимизнинг энг ёши улуғи Зиёд бобони эсимни таниганимдан буён биламан. Ёши 90 дан ошган бўлса-да, бардам ва бақувват. Отахонни суҳбатга тортаман.
— Очиғи, шунча йил яшаб, бундай дориламон кунларни кўрмаган эдик, — дейди Зиёд бобо Холмўминов. — Замон шу қадар тез ривожланиб, аҳолига катта қулайликлар яратадиган бундай ўзгаришлар бўлишини тасаввур ҳам қилмаганмиз. Баландпарвоз гап эмас, чиндан ҳам Исломободимиз обод бўлди. Яратилган имкониятларни, улардан баҳраманд бўлаётган фарзандларим, невара-чевараларимнинг бахту камолини кўриб қувонаман. Бу менга янада тетиклик бағишлайди, ёшаргандек бўламан. Албатта, бу неъматлар, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва фаровонлик ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Ҳозирги таҳликали замонда осойишталикни таъминлаш, қарийб 40 миллионга яқинлашаётган юртдошимизни рози қилиш осон эмас. Шу маънода, ислоҳотлар ўз самарасини бераётганидан, ўзгариш ва янгиланишлар чекка ҳудудларда, жумладан, қишлоғимизда ҳам бўй кўрсатаётганидан суюнаман.
Анча вақт давом этган мулоқотда Зиёд бобо қишлоғимизнинг пайдо бўлиш тарихидан тортиб, бугунги кунгача бўлган ривожланиш босқичлари ҳақида сўзлаб берди. У авваллари бу ерда ҳамма бир-бирини яхши таниганини, йилига бир марта сумалак тайёрланганини, Наврўз каби турли байрам тадбирларида бутун қишлоқ аҳли жам бўлиб иштирок этганини эсга олди. Ўзим дунёга келиб вояга етган манзил-маконнинг ўтмишига доир бу каби тарихий жараёнлардан янада кўпроқ хабардор бўлиш мен учун жуда қизиқ.
Исломободнинг бундан ўн йил олдинги ҳолатию ўша даврда бу ердаги одамларнинг яшаш тарзи қандай бўлганини яхши биламан. У пайтлардаги ҳолати билан ҳозирги кўриниши ўртасидаги фарқ ер билан осмонча. Одамларнинг турмуши ва дунёқараши ҳам аввалгидан тубдан фарқ қилади. 2015 йилларда қишлоқда қарийб 500 оила истиқомат қилган бўлса, бугунга келиб 600 дан ошган.
Илгари қишлоқда болалар таълим-тарбияси, ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш, ички йўллар таъмири, аҳоли бандлиги, ичимлик сув, табиий газ ҳамда электр энергияси таъминоти бўйича ечими катта маблағ ва машаққатли меҳнат талаб қиладиган қатор жиддий муаммолар юзага келган эди.
Мамлакатимиздаги кенг кўламли ислоҳотлар йиллар давомида йиғилиб қолган камчиликларни бирин-кетин бартараф этиш имконини берди.
— Яқин йилларгача Исломободда бирорта ҳам болалар боғчаси йўқ эди, ҳозир эса еттитаси ишлаб турибди, — дейди қишлоқдошимиз Ижобат Нормаматова. — Ўз фарзандларимдан қиёслайман: боғчага борган, кичик бўлса-да, жамоани кўрган кичкинтойлар барибир бошқача бўларкан — уларнинг ақлий ривожланиши ҳар томонлама яхши кечади. Қолаверса, бу биз каби уй бекаларининг ишлаши учун ҳам шароит яратади. Шукрки, бугун шундай имкониятга эгамиз. Бундан фойдаланиб, уйимизга яқин тиббиёт муассасасида ишлаётганимдан, шу орқали жамиятимиз равнақига ва оиламиз фаровонлигига ҳисса қўшаётганимдан мамнунман.
Ижобат каби қишлоқдош опа-сингиллар, ака-укалар, отахону онахонлар билан мулоқотда бўлар эканман, уларнинг бугунги кунидан ва ўз ҳаётидан рози эканини чиндан ҳам ҳис қилдим.
– Мен тенгиларнинг қарийб барчаси 5-8 нафардан фарзанд кўрган (у пайтлари шундай эди) ва уларнинг ҳаммаси кетма-кет вояга етди. Шулар қаторида менинг ҳам тўрт ўғил ва икки қизим улғайди. Тўғриси, бундан ўн йиллар олдин катта ҳаётга қадам қўйган кўп сонли ёшларимизни касб-ҳунарга йўналтириш ёки олий ўқув юртида ўқитиш, иш билан таъминлаш ҳамда уй-жойли қилиш масалалари кўпчилик сингари мени ҳам жиддий ўйга толдирарди. Бу ҳолат, яъни соҳа ва тармоқларда пайдо бўлган қатор камчиликлар катта муаммоларни юзага келтирганди.
Шундай паллада Президентимиз раҳбарлигида юртимизда катта ислоҳотларга киришилди. Натижада биз каби қишлоқ одамларининг ҳаётга, эртанги кунга ишончи ошиб борди. Йигит-қизларимиз учун кенг имконият ва имтиёзлар яратилди. Бугун ёшлар ҳунарли, иш билан банд, оила қуриб, ўз кичик ватанига эга бўлди. Улар ҳаётда ўз ўрнини топиб бормоқда дейишга етарлича асосларимиз бор. Қишлоғимизда қурилган юзга яқин намунавий уйга ёш оилалар кўчиб кирди.
Навқирон авлоднинг халқаро майдонда эришаётган ютуқларини ўзингиз ҳам кўриб турибсиз. Одамни суюнтирадиган бу каби ишлар замирида келажакни олдиндан кўра билувчи, элу юрт тинчлиги учун жонини беришга-да тайёр бўлганларнинг улкан саъй-ҳаракатлари ётибди.
Қишлоғимиздаги янгидан барпо этилган 27-мактаб бугун ўз бағрига 500 га яқин ўқувчини олган. Барча зарур шарт-шароитлар яратилган ушбу таълим даргоҳида қарийб 10 минг китоб фондига эга кутубхона мавжуд бўлиб, мазкур зиё маскани имкониятларидан қишлоқ аҳли ҳам кенг фойдаланмоқда, – дейди ёши етмишдан ошган қишлоқ оқсоқоли Пардабой Ўралов.
Муассасада таълим сифати ва самарадорлигига эътибор кучайтирилган, олий ва юқори тоифали ўқитувчилар сафи кенгаймоқда. Бу ишлар ўз самарасини бериб, мактабни 2022-2025 йилларда битирган 50 га яқин йигит-қиз мамлакатимиз ва чет эл олий ўқув юртлари талабалари сафига қўшилди. Мактабда бўлиб, ўқувчиларнинг хорижий тилларни ўрганиши, ахборот технологиялари ва сунъий интеллект бўйича билим ҳамда малакаларини ошириши, шунингдек, турли спорт турлари билан шуғулланиши учун кенг шароитлар яратилганига бевосита гувоҳ бўлдим.
Маҳалла раиси Салоҳиддин Ортиқовнинг таъкидлашича, уч йил аввал қишлоқ тоза ичимлик сув билан тўлиқ таъминланган эди. Бугун эса қарийб 12 минг метр узунликда қувур тортилиши натижасида ҳар бир хонадонга талаб даражасидаги обиҳаёт кириб борди.
Электр энергияси ва табиий газ таъминоти бўйича ҳам шундай илиқ фикрларни айтиш мумкин. Кичик газ тақсимлаш пунктлари оптималлаштирилиб, замонавий тизимга ўтказилгани ресурс йўқотишларининг олдини олмоқда ва аҳолига қишда ҳам меъёрида газ етказиб бериш имконини яратмоқда. Бу ердаги мактаб ва бир қанча хонадонларда қуёш батареяларидан фойдаланилаётгани, яроқлилик муддати ўтган симёғоч ва трансформаторлар янгиланаётгани ушбу йўналишдаги муаммоларга самарали ечим бўлмоқда.
Бугунги кунда интернетсиз ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди. Замон билан ҳамнафас Исломобод қишлоғида ҳам тезкор ва сифатли интернет кириб бормаган хонадон деярли йўқ ҳисоби.
У ёки бу сабаб билан қишлоқ бўйлаб мен кирмаган кўча қолмади десам ҳам бўлади. Рости, кейинги 10 йил ичида бу ерда рўй берган ўзгариш ва янгиланишларни кўриб юрак яшнайди. Болалигимизда қишда юриб бўлмайдиган лой ва кўлмакка, ёзда эса чанг-тупроққа айланадиган ички йўлларнинг қарийб 90 фоизи асфальтланганидан хурсанд бўлмасликнинг иложи йўқ. Илгарилари кечаси юришга одам сесканадиган бу манзилларга чироқлар ўрнатилгани нафақат ҳудудни чароғон қилмоқда, балки кўнгилларни ҳам равшанлаштирмоқда.
Тегишли дастур асосида қишлоқ четидан ўтган зовур бетонлаштирилиб, унга туташ жойларнинг гулзорга айлантирилгани таҳсинга лойиқ. Умуман олганда, тозалик ва озодаликка, гўзалликка интилиш кучайгани, одамларда ўз хонадони атрофи ва кўча бўйларига мевали ҳамда манзарали дарахтлар, турфа гуллар экишга, бир сўз билан айтганда, яшил ҳудудларни кенгайтиришга бўлган иштиёқ ошиб бораётгани эътиборга молик.
Бир пайтлар фақат қишлоғимиз қоқ ўртасидан ўтиб, Навоий шаҳрига элтувчи асосий йўлгина асфальтланган эди. Аммо унинг торлиги ва пиёдалар учун махсус йўлаклар йўқлиги сабабли кўплаб ноқулайликларга дуч келардик. Кейинги йилларда мазкур йўл кенгайтирилиб, унинг икки четига махсус белги ва чироқлар ўрнатилди, шунингдек, йўл ҳаракати тартибга солинди.
Қишлоқдан туман маркази ва Навоий шаҳрига элтувчи мазкур асосий йўл, шунингдек, ички кўчаларнинг талаб даражасига келтирилгани бу ерда тадбиркорликнинг барча турлари кенг ривожланишига кучли туртки берди. Ўн йилча олдин Исломободда бирорта ҳам маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси, сартарошхона ёки новвойхона бўлмаган. Эсимда, уй-рўзғор учун зарур маҳсулотларни харид қилиш мақсадида кўпчилик қатори туман марказига бориб келар эдик. Ҳозир эса ўндан ортиқ савдо дўкони, бир нечта автосервис ва автомобиль ювиш шохобчалари, такси хизмати, эшик-ром ва турли маҳсулотлар ишлаб чиқариш устахоналари, иккита сартарошхона, новвойхона ҳамда битта умумий овқатланиш маскани ишламоқда. Бунинг натижасида кўплаб маҳаллий аҳоли вакиллари доимий иш ўрни ва барқарор даромадга эга бўлди.
— 2016 йилларда қишлоғимизда бор-йўғи 2 та хонадонда иссиқхона бўларди, — дейди ҳамқишлоғим Шамши Бекназаров. — Ҳозир эса шу иш билан шуғулланаётган тадбиркорларимиз сони 83 тага етган. Бу эса шунча оила иш билан таъминланганини ва яхши даромад топаётганини англатади. Ишбилармонларимиз сони кўпайиб, аҳоли фаровонлиги ошиб бораётгани, одамларимизнинг боқимандалик кайфиятидан чиқиб, давлатимиз томонидан яратиб берилган имконият ва имтиёзлардан самарали фойдаланишга ҳаракат қилаётгани эътиборга молик.
Бутун мамлакатимизда бўлгани каби бу ерда ҳам аҳоли саломатлигини сақлаш ва тиббий хизмат сифатини оширишга жиддий эътибор қаратиляпти. Қишлоқ врачлик пункти биноси реконструкция қилиниб, моддий-техник базаси мустаҳкамлангани, бундан ташқари, аҳолининг талаб ва таклифларига биноан илгариги 100 ўринли масжиднинг 350 ўринга кенгайтирилгани исломободликлар учун катта қулайлик.
Ҳа, бугун Исломободда аҳолининг барча эҳтиёжлари учун яратилган шарт-шароитлар ва қулайликларни кўриб, бу ерни қишлоқ дегингиз келмайди. Унинг шаҳардан ҳеч қолишадиган жойи йўқ. Таъкидлаш жоизки, бундай кенг кўламли ишлар нафақат Хатирчи тумани ёки Навоий вилоятидаги маҳаллаларда, балки инсон қадри улуғланаётган бутун мамлакатимизда, жонажон Ўзбекистонимизнинг барча қишлоқларида кенг қулоч ёзмоқда.
Холмурод Салимов, журналист