Шу кунларда Сурхон тарафларга йўлингиз тушса, беихтиёр ерни донга, деҳқонни хазинабонга менгзайсиз. Чунки, йўл бўйларидаги бепоён далаларда олтиндек товланаётган бошоқли дон чеҳрангизга қувонч, қалбингизга шукроналик ҳиссини улашади.
Кўз олдингизда бундан ўттиз-ўттиз беш йил муқаддам нон тақчил бўлган йиллар гавдаланади.
Воҳанинг Шерободу Музработ, Қизириғу Жарқўрғон, Бандихону Қумқўрғон ва бошқа туманларидаги ғаллазорларга нигоҳ ташлаб, ўтган чорак асрдан ортиқ даврда мамлакатимизда деҳқонни ер султонига айлантириш йўлида амалга оширилган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини янада теранроқ англай бошлайсиз. Юртимизга фаровонлик, дастурхонларимизга файз улашаётган деҳқонлар меҳнатига тасанно айтиб, хирмонига барака тилайсиз. Унумдор тупроқли, минералларга бой оби ҳаёти ва деҳқончилик учун мўътадил иқлими бор тинч, тўкин юртда яшаётганингиздан фахр ҳиссини туясиз.
Айни пайтда ғалла майдонлари майин шабадада сокин шивирлаб, болалик ва ёшликдаги хотираларни ёдга соладиган, ободлик ва тўкинлик ифтихор туйғусини уйғотадиган вилоятда етиштирилган мўл ҳосил ўриб-йиғиб олинмоқда. Режани ортиғи билан бажараётган ғаллакорлар сафи кун сайин кенгайиб, ҳосилдорлик ортиб бораётир.
– Бу ишлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ, – дейди музработлик тажрибали ғаллакор Исахон Қосимов. – Кейинги йилларда бошоқли дон етиштириш, харид қилиш ва сотишда катта ўзгаришлар юз берди. Бозор тамойиллари жорий этилди. Ғаллакорларни қўллаб-қувватлашга давлат даражасида эътибор кучайтирилди. Соҳадаги бундай янгиланишлар деҳқонни рағбатлантириб, ҳосилдорликни оширишга хизмат қилмоқда. Бундан ғаллакор ҳам, давлат ҳам бирдек манфаатдор бўлаётир. Энг муҳими, дастурхонларимиз тўкинлиги, бозорларимизда нон маҳсулотларининг арзонлиги таъминланмоқда.
Жорий йил ҳосили учун куз фаслида омилкор фермер Исахон Баҳромов 50 гектар майдонга “Ғозғон” навли ғалла уруғини сепиб, бир текис ундириб олди. Ўтган даврда майсаларни мавжуд агротехник тадбирлар асосида парваришлади. Вақтида маҳаллий ва минерал ўғитлар билан озиқлантириб, суғорди. Мўл ҳосил тўплади. Туманда биринчилардан бўлиб, ўрим-йиғимга киришиб, ҳар гектар майдондан ўртача 64 центнердан ҳосил олди. Қабул шохобчасига 200 тонна сара дон топшириб, режани ортиғи билан бажарди. Режадан ортиқ етиштирилган юз тоннадан зиёд ҳосил фермернинг ихтиёрида қолди.
– Шартномавий режадан ортиқ етиштирилган донни ҳам қабул пунктига топширдик, – дея суҳбатни давом эттиради фермер. – Уни сақлаш учун омбор керак. Бу ёғи дон жуда мўл бўлди. Биласизки, буғдой сероб бўлган йиллари озиқ-овқат бозорида унинг нархи ҳам арзон бўлади. Бу тўкинликдан дарак.
Ғаллакорнинг гапида жон бор. Бу йил бозорларда сара буғдойнинг бир килограмми 2 минг 500 сўмдан баланд бўлгани йўқ. Демак, деҳқон бозорига янги ҳосил ҳам кирса, нарх янада пасаяди. Ғаллакорларнинг айтишича, дон корхоналари буғдойнинг бир килограммини уч минг сўмдан харид қилишни таклиф этяпти.
Фермернинг ўз ихтиёри билан донни қабул пунктига топшираётгани ғаллакорларнинг давлатга ишончи ортганидан, кўнгли ва кўзи тўқлигидан ҳам дарак бермоқда. Бундай дейишимизга сабаб, ўтган йилларда фермерлар режадан ортиқ ҳосилни килосигача ҳисоблаб, деҳқон бозорларида сотиш учун ўз уйига ташигани сир эмас. Ўша йилларда давлат харид нархига нисбатан деҳқон бозорларида буғдой сезиларли қиммат баҳода сотилар эди. Энди эса хомчўтни тўғри олган фермер буғдойни деҳқон бозорида сотишдан кўра, уни қабул шохобчасига топширишни афзал билмоқда.
Жорий йилда Музработ туманида 246 фермер хўжалиги 10 минг 700 гектар майдонда бошоқли дон етиштирди. Ҳосилни тез ва сифатли йиғиштириб олиш учун 13 та ўрим отряди ташкил этилиб, 24 та юқори унумли комбайн ва 120 дан ортиқ ташиш техникаси бириктирилди. Ғаллакорлар кунига ўртача 250 гектардан ортиқ майдоннинг ҳосилини ўриб-йиғиб олаётир. Ўртача ҳосилдорлик 80 центнердан ошмоқда. 30 дан ортиқ фермер дон сотиш режасини бажарди.
Президентимизнинг 2020 йил 6 мартдаги “Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бошоқли дон етиштирадиган деҳқонларнинг соҳага муносабатини тубдан ўзгартириб, ҳосилдорликни йилдан-йилга оширишга ундади. Зеро, мазкур ҳужжат асосида давлат томонидан ғаллага харид нархини белгилаш амалиётидан воз кечилди. Ички бозорда дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш учун зарур миқдордаги доннинг фьючерс, форвард шартномалари асосида ёки биржа савдолари орқали эркин нархларда харид қилиниши белгиланди. Ғаллачиликда юз берган бу каби янгиликлар фермерлар чуқур изланиб, мўл ҳосил етиштириш ва даромадини оширишга хизмат қилмоқда.
Шеробод туманида 308 фермер хўжалиги 10 минг 700 гектар майдонда бошоқли дон парваришлади. Шу кунларда 50 дан зиёд фермернинг даласида ўрим-йиғим қизғин олиб борилмоқда. Қолган фермерлар ҳам ўримни босқичма-босқич бошлаётир. Қисқа кунларда тумандаги 15 дан ортиқ фермернинг режани бажаргани ҳам ғаллачиликда янги жорий этилган мезонлар ўз самарасини бераётганига яққол далилдир.
Туманда “Шайманбобо” фермер хўжалиги бор. Адашмасак, ташкил этилганига ҳам ўттиз йилдан ошиб қолди. Ғалла ва пахта етиштиради. Хўжалик раҳбари Йўлдош Шайманов ер билан тиллашиб ишлайдиган деҳқон. Бой тажрибага эга фермер. Бу йил 50 гектар майдонда “Гром” навли маҳаллий иқлимга мос, эртапишар, серҳосил ғалла майсаларини парваришлади. Пишиб, етилган ғаллазорга ўроқ тушган илк кунларда режани ортиғи билан уддалади.
– Бошоқли дон етиштириш масъулият ва тажриба талаб этадиган иш, – дейди Йўлдош Шойматов. – Уруғни кузда сепасиз. Бир текис ундириб олгач, қишда ҳам озиқлантирасиз. Баҳорда яхши ривожланиши учун парваришлайсиз. Бу йил майсага меҳр берган ғаллакорлар йили бўлди. Бошоқлар бўлиқ, ҳосил чўғи баланд. Яқинда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов даламиз бошидан ўтаётиб, ҳол-аҳвол сўраб кетди. Анча суҳбатлашиб қолдик. Мутахассислар ҳисоб-китоб қилиб, ҳар гектар майдондан ўртача 107 центнердан дон олаётганимизни айтди. Қабул шохобчасига 200 тонна сара дон топшириб, режани ортиғи билан бажардик. 300 тоннадан зиёд ҳосил ўзимизнинг ихтиёримизда қолмоқда. Унинг бир қисмини тракторчи, сувчи ва бошқа ишчиларимга тарқатамиз. Қолганини давлатга сотамиз. Бу 700 - 750 миллион сўм даромад бўлади. Меҳнатимизни рағбатлантираётган давлатимиздан беҳад миннатдормиз.
Ғаллачиликда бой тажрибага эга вилоятда 2 минг 278 фермер 89 минг 325 гектар майдонда бошоқли дон экинлари етиштирди. Катта меҳнат эвазига тўпланган мўл ҳосилни нобуд қилмай, ўриб-йиғиб олиш учун 127 та отряд тузилиб, 282 та юқори унумли комбайн, 1 минг 275 та ташиш техникаси, 130 та трактор тиркамаси мавсумга шайланди. Техникаларга сифатли, тезкор хизмат кўрсатадиган 127 та кўчма устахона, 81 та ёқилғи ташиш техникаси тахт қилинди. Комбайнчилар учун барча шароит яратилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланмоқда, иш ҳақлари ўз вақтида берилаётир.
Вилоятда ўрим бошланган ҳудудларда ҳосилни тез, сифатли йиғиб олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳар куни 250 га яқин комбайн ёрдамида бир минг 150 гектардан ортиқ майдоннинг ғалласи ўриб олинаётир. Ўртача ҳосилдорлик эса 83,3 центнерга етмоқда.
Мавжуд майдонлардан мавсумда 750 минг 349 тоннадан ортиқ сара дон олишни мўлжаллаётган воҳа ғаллакорлари шу кунгача беш минг гектардан зиёд ердаги ғаллани ўриб-йиғиб олди. Вилоятдаги мавжуд комбайнлар тўлиқ далага олиб чиқилиб, ўрим-йиғимни уюшқоқлик билан тез ва сифатли якунлаш мўлжалланаётир. Ғалласи ўриб, янчиб олинаётган майдонлар эса пешма-пеш шудгорланиб, иккинчи экин экишга ҳозирланмоқда.
Буларнинг бари деҳқон ернинг ҳақиқий эгасига, ер эса тўкин ва фаровон турмушимиз манбаига айланаётганининг амалдаги ифодасидир.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири