Муносабат

Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида кўплаб ижобий ўзгаришлар кузатилди. Хусусан, пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, улар озиқ-овқат маҳсулотлари учун ажратилди. Натижада, 160 минг гектар янги боғ ва токзорлар яратилиб, 1 миллиард долларлик 1 500 та озиқ-овқат лойиҳаси амалга оширилди.
Бу ишлар мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли истеъмолини маҳаллий маҳсулотлар ҳисобига қондириш ва экспорт салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этди. Бироқ, соҳага оид таҳлиллар шундан далолат берадики, қишлоқ хўжалиги ҳали ҳам "соя" иқтисодиётидан тўлиқ халос бўлмаган. Яъни, етиштирилган маҳсулотнинг катта қисми расмий ҳисоботларда акс этмайди. Бу эса давлатга солиқ тушумларининг камайиши, фермер ва деҳқонларнинг ҳимоядан маҳрум қолиши ҳамда бозор муносабатларининг нотўғри шаклланишига олиб келмоқда.
Шу боис, 2025 йил 4 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида қишлоқ хўжалигида қўшилган қиймат занжирини яратиш, соҳани “соя” иқтисодиётидан чиқариш ва фермерлар учун солиқ юкини енгиллаштиришга доир тақдимот ва унда билдирилган фикрлар ва қабул қилинган қарорлар мамлакат аграр сиёсатида янги босқични бошлаб беришга хизмат қилмоқда.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, давлатимиз раҳбари жорий йил 20 август куни тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқот чоғида айнан шу муаммога эътибор қаратиб, тегишли ташкилотларга фермер ва деҳқонлар учун қулай солиқ муҳитини яратиш бўйича кўрсатма берган эди. Шу асосда, Халқаро валюта жамғармаси ва маҳаллий ҳамда хорижий экспертлар иштирокида ишлаб чиқилган таклифлар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Хусусан, 2026 йил 1 январдан бошлаб деҳқон ва фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (ғалла ва пахтадан ташқари) сотилганда қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ноль ставкада қўлланилади. Шу билан бирга, маҳсулот етиштириш жараёнидаги харажатлар (уруғ, ўғит, ёқилғи, транспорт, электр ва бошқалар) учун тўланган ҚҚС қайтариб берилади.
Ушбу механизм орқали фермерлар солиқ юкидан сезиларли даражада халос бўлади. Аниқ рақамларга кўра, деҳқон ва фермерлар ихтиёрида йилига 300 миллиард сўм маблағ қолади. 400 миллиард сўм миқдоридаги ҚҚС қайтарилиши орқали ликвидлик таъминланади.
Қабул қилинган қарорлар нафақат фермерларни қўллаб-қувватлаш, балки қишлоқ хўжалигини тўлиқ шаффофлаштириш, рақобатбардошлигини ошириш, ҳамда соҳадаги инвестиция муҳитини яхшилашда ҳам катта аҳамиятга эга. Қолаверса, яширин иқтисодиёт улуши камаяди, фермерларнинг расмий равишда сотишга, ҳисобот юритишга қизиқиши ортади.
Шунингдек, саноатлашган плантациялар ва қайта ишлаш корхоналари сони ортиши иқтисодиётда қўшилган қиймат занжирини кучайтиради. Солиқ тизимига ишонч ортиб, солиқ тўловчи ўз фойдасини сеза бошлайди, бу эса мажбурийликка эмас, ихтиёрийликка асосланган муносабатни шакллантиради.
Президент мутасадди идораларга янги тизимни деҳқон ва фермерларга тушунтириш, амалий механизмларни ишлаб чиқиш ва жойлардаги фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича аниқ кўрсатмалар берди. Бу ислоҳотлардан кутилган натижаларга эришиш учун солиқ органлари, аграр хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ва маҳаллий ҳокимиятлар ўртасида яқин ҳамкорлик йўлга қўйилиши, деҳқон ва фермерлар ўртасида семинарлар, тренинглар ва оммавий ахборот кампаниялари ташкил этиш зарур ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, сўнгги саккиз йилда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш ва уни замонавий бозор талабларига мослаштириш жараёни изчил давом этмоқда. ҚҚСга оид янги тартиблар фермерларнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш, соҳага инвестицияларни жалб қилиш ва бутун аграр тизмда қўшилган қиймат занжирини тўлиқ шакллантиришда муҳим қадам бўлади.
Энг муҳими, бу сиёсат ўзбек деҳқонининг меҳнати ҳақиқатда қадрланиши, қишлоқ аҳолисининг турмуш даражаси ошиши ва миллий иқтисодиётнинг барқарор ўсишига хизмат қилади.
Дилрабо ХОЛБОЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси ўринбосари.
ЎзА