Юртимиз аҳолисини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбари раислигида бир неча бор ўтказилган йиғилишларда соҳа ташкилотлари олдига қатор вазифалар белгилаб берилди.
Қолаверса, қишлоқ хўжалигининг 2020-2030 йилларда ривожлантириш Стратегияси доирасида соҳада бозор муносабатларига мос янги хўжалик юритиш шаклларини жадал ривожлантириш, бозор механизмларини кенг жорий этиш, аграр тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қуватлашга қаратилган 6 та Ўзбекистон Республикаси қонуни, 8 та Президенти фармон ва 20 та қарори ҳамда 47 та Ҳукумат қарорлари қабул қилиниб, ислоҳотларнинг ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилди.
Соҳадаги ислоҳотлар жараёнида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ҳам ўз вазифалари доирасида муайян чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази зиммасига аграр соҳада таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг узвий интеграциясини таъминлаш, фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги кластерлари ва кооперациялари ҳамда илғор хорижий илмий-тадқиқот муассасалари билан манфаатли илмий-ишлаб чиқариш ҳамкорлигини йўлга қўйиш, янги илмий ишланмалар, инновациялар ҳамда рақамли технологияларни жорий этиш, қишлоқ хўжалиги соҳасида фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни амалга ошириш, олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш, илғор тажриба ва замонавий технологиялар асосида уларнинг малакасини ошириш, қишлоқ хўжалигида хусусий секторни кенг жалб этган ҳолда билим, малака ва кўникмаларнинг самарали алмашинуви ҳамда узатилишини таъминлайдиган миллий ахборот ва маслаҳат хизматлари тармоғини ривожлантириш каби қатор вазифалар юклатилган.
Ушбу вазифалар доирасида қатор лойиҳалар йўлга қўйилмоқда. Хусусан, илмий фаолиятни ривожлантириш борасида илмий-тадқиқот муассасалари томонидан ҳозирда илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида 51,3 миллиард сўмлик 87 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу борада 2019 йилда 12 та, 2020 йилда 10 та, 2021 йилда 55 та илмий лойиҳалар молиялаштирилган эди.
Агросоҳада янги лойиҳаларни татбиқ этиш, илмий ишланмаларни жорий қилишда илмий лабораториялар фаолияти муҳим ўрин тутади. Бу борада ҳам қатор ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Сурхондарё вилоятида “Ингичка толали пахтачилик” ИТИ ҳамда “Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик” ИТИнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва Навоий тажриба станциялари фаолияти йўлга қўйилди. Фарғона вилояти Қува туманида, Сурхондарё вилояти Денов туманида, Жанубий Деҳқончилик илмий-тадқиқот институтида, Тошкент вилояти агрохизматлар марказида «in-vitro» лабораториялар ташкил қилинди. Ушбу йўналишдаги ишлар натижасида йилига 20 миллион дона вируссиз мева ва ток кўчатлари етиштириш йўлга қўйилади ҳамда 15 минг гектар замонавий боғ ва узумзорлар ташкил этиш имконияти юзага келади.
Шунингдек, жаҳонда илк бор 45 тадан ортиқ хорижий селекцияга мансуб узум навларини «in-vitro» усулда вирус ва бошқа касалликлардан тозалаб олиниб, 1 миллион дона вируссиз кўчат тайёрланиб, оналик боғ ташкил этилади. Бунинг натижасида ҳар йили 20-50 миллион дона соғлом экспортбоп, хўраки ва винобоп узум кўчатлари етиштирилади, 15 минг гектар майдонда узумзор ташкил этилади.
Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари томонидан узумчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада деҳқон ва фермер хўжаликларига қатор енгилликлар, имтиёзлар яратилаётган бир пайтда ҳам экспортбоп, ҳам саноатбоп узум навларини яратиш ва кўпайтириш муҳим аҳамиятга эга.
Картошка етиштириш, аҳолининг картошкага бўлган эҳтиёжини қондириш долзарб масалаларидан бири. Бу борада ҳам талай илмий ишланмалар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон — Венгрия картошкачилик илмий марказида замонавий «in-vitro» лабораторияси ташкил этилди. Марказда картошканинг вирусга чидамли 8 танавлари асосида янги маҳаллий навлар яратилди. Бу эса деҳқон ва фермер хўжаликларига иқлим ва тупроқ шароитларимизга мос картошка уруғларини етказиш ва мўл ҳосил олиш имконини беради.
Қишлоқ хўжалигида фойдаланилаётган ерлар ҳолати, тупроқ унумдорлиги кутилган ҳосилни олишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Аммо кейинги йилларда экологик муаммолар, тупроқнинг шўрланиши оқибатида унумдорлик пасайиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Шу боис ушбу масала марказимизнинг доимий эътиборида бўлиб келади. Айни пайтда тупроқ унумдорлиги пасайиши сабаблари ўрганилиб, унумдорликни ошириш бўйича самарали технология ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий қилинмоқда.
Бундан ташқари, буғдой+беда ҳамкор экиш натижасида экин майдонлари миқдорини ўзгартирмасдан, самарали сидерат тизимини жорий қилиш орқали тупроқ унумдорлигини ошириш технологияси ишлаб чиқилди. Сидератлаш усули дунёда кенг тарқалган унумдорликни тиклаш йўли ҳисобланади, сидератлар экин ҳосилдорлигини 25-30 фоизгача ошириш имконини беради.
Республикада 3,9 миллион гектар суғориладиган ерларнинг 1,2 миллион гектари сентябрь-апрель ойларида бўш қолади. Ҳосилдорлик ошишидан ташқари тупроқ сифати яхшиланади, шўрланиш даражаси пасаяди, шўр ювиш амалиёти учун сув сарфи кескин камаяди. Шунингдек, тупроққа микробиом қўллаш орқали минерал ўғитлар самарадорлигини ошириш бўйича технология ишлаб чиқилди.
Агрохизматлар тизимини ривожлантириш Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказимизнинг муҳим йўналишларидан биридир. Бу борада Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоят агрохизматлар марказлари томонидан турли мавзуларда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш йўналишларда 240 дан ортиқ дала семинарлари ташкил этилиб, 30 мингдан зиёд фермер хўжаликлари, кластерлар ҳамда аҳоли томорқаларида фаолият олиб борувчи соҳа вакилларининг билим ва кўникмалари оширилди.
Бундан ташқари, ҳудудий агрохизматлар марказларига ўтган йилнинг биринчи яримида Венгрия, Швеция, Италия, Германия, Франция, Корея, Россия, Буюк Британия, Туркия, Ирландия, Австралия, Уммон ва бошқа қатор ривожланган давлатлардан жами 150 нафардан зиёд хорижий экспертлар таклиф этилди. Улар иштирокида ҳудудий агрохизматлар марказлари ходимлари, марказ қошидаги янги тайинланган (АKIS) агромаслаҳатчилари учун амалий ўқув семинар, тренинглар ўтказилди.
Қишлоқ хўжалиги тармоқларининг малакали мутахассисларга бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни таъминлаш марказимизнинг муҳим вазифаларидан биридир. Шу боис аграр таълим тизимини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳам доимий эътиборимизда бўлиб келади. Ушбу йўналишда ўтган даврда Халқаро қишлоқ хўжалиги университети фаолияти йўлга қўйилди. 2022/2023 ўқув йилида биринчи босқич учун 150 та, иккинчи босқич талабалари учун 50 та грант ажратилди. Университетда сифатли ўқув жараёнини ташкил этиш учун хорижий профессорлар ишга қабул қилинди.
ОТМларда халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида 2021/2022 ўқув йил давомида 10 та (2020 йилда 7 та) хорижий ОТМлари билан ҳамкорлик шартномалари тузилди. Ушбу тузилган ҳамкорлик шартномаларига асосан 25 та мавзуда вебинар дарс машғулотлари ўтказилди ва 8 нафар хорижий профессор-ўқитувчилар жалб қилинди.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ўз вазифалари доирасида олиб бораётган ишлари билан агросоҳа ривожига хизмат қилади.
Алишер ТЎРАЕВ,
Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар
миллий маркази бош директори