![](https://cdn.uza.uz/2021/12/12/06/21/P1vs3aFnTDYpZgN6aBlc8zMCjdm1pqkw_normal.jpg)
Нурафшон шаҳрида Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тантанали байрам тадбири ўтказилди.
Унда Тошкент вилояти, туман-шаҳарлар ҳокимликлари вакиллари, қишлоқ хўжалиги ходимлари, фермерлар, турли тармоқларда фаолият олиб бораётган кластерлар раҳбарлари иштирок этди.
Дастлаб вилоят ҳокими Зойир Мирзаев сўзга чиқиб, ҳудуд аҳолиси ва қишлоқ хўжалиги захматкашларини байрам билан табриклади. Қайд этилганидек, кўпни кўрган, доимо ер билан тиллашиб, ер илмини пухта биладиган вилоят деҳқон ва фермерлари аҳоли фаровонлиги ва тармоқлар ривожи учун ўзларининг бор билим ва тажрибаларини ишга солиб 2021 йилда мўл ҳосил етиштирди.
2021 йилда 787 минг тонна ғалла, 247 минг тонна пахта, 1 минг 558 тонна пилла, 1миллион 648 минг тонна мева-сабзавот, 287 минг тонна гўшт ва 994 минг тонна сут маҳсулотлари етиштирилди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 230 минг тоннаси қайта ишланиб, 273 миллион долларлик тайёр маҳсулот экспорт қилинди.
Айниқса, пахтачиликда эришилган ютуқлар салмоқли бўлди. Жорий йилда пахтачилик кластерлари томонидан 107 минг 707 тонна ёки шартномавий режага нисбатан 102 фоиз миқдорида пахта хомашёси етиштирилди. Бу эса ўтган йилга нисбатан таққослаганда 7 минг 562 тоннага, ўртача ҳосилдорлик 5 центнерга ошган.
Албатта, бу каби салмоқли натижаларга эришишда қишлоқ хўжалиги техникаларининг янгилангани, агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга оширилаётган ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Бугунги кунда ер-сув ресурларидан унумли фойдаланиш, қишлоқ хўжалигида фан ва техниканинг илғор ютуқларини жорий этиш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш орқали деҳқонлар даромадини ошириш борасида олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар ўз самарасини бераётир. Бу йил вилоятда жами 13,3 минг гектар майдонда сув тежовчи суғориш технологиялари жорий қилинди. Бу борадаги ишлар 2022 йилда ҳам давом эттирилиши режалаштирилган.
Умуман олганда, Тошкент вилояти мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида ўз тажрибаси ва салоҳиятига эга бўлган ҳудудлардан бири бўлиб, салмоқли меҳнат қилаётган фермерлар, устоз мақомига эришган миришкор деҳқонлар ва боғбонлар жуда кўп.
Тадбирда бир гуруҳ қишлоқ хўжалиги ходимларига вилоят ҳокимлиги томонидан эсдалик совғалари берилди.
Элимиз ардоғидаги санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури барчага кўтаринки кайфият бағишлади.
А. Мусаев, ЎзА