Қишлоқ хўжалиги техникалари таъмирланмоқда
Қиш фасли – иш фасли
Айни кунларда Бухоро вилоятида техника парклари томонидан чигит экиш мавсумида қатнашадиган қишлоқ хўжалиги техника ва механизмларининг кўриги ва уларни созлаш жараёни бошланган.

Қоровулбозор туманида жорий қишки мавсумда умумий майдони 6519 гектар ер чуқур шудгордан чиқарилди. Дала ишларига 27 та юқори унумдор хайдов трактори ва тажрибали механизаторлардан таркиб топган отрядлар жалб қилинди. Улар меҳнати билан бир кунда ўртача 15 та ҳайдов техникаси воситасида 116 гектар ер майдони талаб даражасида ҳайдалган. Ҳудудда серҳосил маҳаллий навга мансуб пахта етиштиришга ихтисослашган 140 тадан ортиқ фермер хўжалиги айни кунда “Buxoro Agrocluster” ва “ARK Еco textile” МЧЖлари билан ҳосил етказиб беришга доир яқин ҳамкорлик ўрнатган.
Қиш кунларида мазкур буюртмачи кластерларнинг “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғинидаги техника паркларида ҳам техника ва механизмлар таъмирланмоқда.

–Эрта баҳорги чигит экиш мавсуми учун чўлқуварлар туманида жами 76 та чопиқ ва ҳайдов трактори, худди шунча культивация, 36 та чигит экадиган, 39 та пушта оладиган механизм, 186 та тишли борона, шунингдек, 11 та “ОВХ” русумли пуркагич техник кўрикдан ўтказилди, –дейди Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Қоровулбозор тумани бўлими катта инспектори Анвар Жамолов. –Нуқсон ва носозлик мавжудлари таъмирлашга киритилган. Туманда фермерларнинг яқин ҳамкори сифатида икки агрокластер техника паркида элликка яқин механик, чилангар, пайвандловчи, темирчи ва бошқа уста мутахассис ишлаяпти. Техник кўрикда аниқланган етишмовчиликлар бўйича нуқсон далолатномалари тузилиб, таъминотчи томони, яъни “Buxoro Agrocluster” ва “ARK Еco textile” МЧЖ ларига талабномалар киритилиб, бутловчи деталлар алоҳида захира қилинмоқда.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири