Қишлоқ хўжалиги: ислоҳотлар самараси салмоқли
Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларнинг изчиллигини таъминлаш ва тизимда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини кўздан кечириш мақсадида Бухоро вилоятида бўлди.
Дастлаб, вазир “Бухоро Агрокластер Чорва” МЧЖ фаолияти билан танишди. Мазкур чорвачилик комплексининг ташкил этилганига уч йил бўлди. Бу ерда ташкил этилган ишлар бошқа чорвачилик комплексларига намуна бўлмоқда. Илм ва инновацияни тўғри жорий қила олиш чорвачилик соҳасининг кейинги истиқболини белгиловчи омил эканлигига мана шу ерда гувоҳ бўласиз. Чорва молларини мусиқа қўйиш орқали парвариш қилиш, уларни боқишда гигиеник талабларга қатъий риоя қилиш, махсус озиқлантириш рациони амалиётга пухта жорий этилган.
Чорвачилик мажмуасида жами 3 минг бош сут ва гўшт йўналишидаги қорамоллар парваришланмоқда. Шундан минг боши Голштейн, Симментал ва Швис зотли соғин сигирлардир. Наслчилик селекция ишларини кенг кўламда ташкил этиш мақсадида ҳозирда бу ерда Ангус ва Бельгия зотли қорамоллар ҳам парваришланмоқда. Бир бош соғин сигирдан ўртача 28 литр сут соғилади. Бир кунда жами 28 тонна сут олинмоқда. Шунингдек, бу ерда интенсив гидропоника усулда яшил озуқа етиштириш ҳам йўлга қўйилган. 1 килограмм буғдойдан 7 кило яшил озуқа, кунлик 3 тонна 800 кило етиштирилмоқда.
Чорва молларининг озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида чорвачилик комплексига 400 гектар озуқа экин ер майдони ажратилган. Беда, силос ва дон учун маккажўхори ва оралиқ экинлардан рож билан тритикали экиб келинмоқда.
Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва вазирлик ишчи гуруҳи вилоятдаги кўплаб фермер хўжаликлари фаолияти билан ҳам танишди.
Кейинги манзил Бухоро туманидаги “Работиқалмоқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Маданият Муҳаммад Исмат” фермер хўжалиги бўлди. Фермер хўжалигининг умумий ер майдони 236 гектар, шундан 105 гектарда пахта, 85 гектар майдонда эса ғалла етиштирилмоқда. 2 гектар майдонга полиз маҳсулотлари экилиб, 2 гектарда боғ барпо этилган. 12 гектар майдон чорва молларининг озуқаси учун экин етиштиришга мўлжалланган. Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаммад Аҳмедов шу ёшга киришига қарамасдан ғайрати жўшиб, ёшларга нафақат ўрнак бўлмоқда, балки ҳақиқий ҳаёт мактабини ҳам ўтамоқда.

Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитовни Жондор туманидаги “Яккатут ғаллачилик, уруғчилик ва шоличилик” МЧЖ кластери фаолияти билан ҳам танишди. 2023 йил ҳосили учун етиштирилаётган соя ва ундан кутилаётган ҳосилга қизиқди. Яна бир эътиборли жиҳат шундаки бу кластерда бир кунда 240 тонна буғдой сараланиб, ишлаб чиқаришга йўналтирилади.
Кейинги манзил Қоракўл туманидаги “Мергантекс” МЧЖ пахта-тўқимачилик кластери ва унга тегишли Дарғали ҳудудидаги “Янгибой Очил” фермер хўжалиги бўлди. Дастлаб, бу ерда сув тежовчи технологияларни жорий этишга мўлжалланган полиэтилен плёнкаси ва шланг ишлаб чиқариш жараёни кўздан кечирилди. Шунингдек, ушбу кластер билан шартнома тузган фермер хўжаликларининг пахта ва ғалла майдонлари кўрилди. Эътиборлиси, 3 минг гектар майдонга экилган пахта плёнка остида томчилатиб суғориш асосида етиштирилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА