Қишлоқ хўжалиги: ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, хусусан соҳада давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, бозор муносабатларини кенг жорий қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи, қайта ишловчи ва сотувчи субъектлар ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш, соҳага инвестицияларни жалб қилиш, ресурстежамкор технологияларни жорий этиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни замонавий техникалар билан таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Аграр соҳада инфратузилмани модернизация қилиш ривожланиш стратегиясининг ҳал қилувчи йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу йўналишда белгиланган барча вазифалар қишлоқларда аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, иш ўринлари яратиш, замонавий агроиқтисодий муҳитни шакллантириш ва албатта, “Яшил иқтисодиёт” тамойилларига асосланган барқарор, экологик хавфсиз ва инклюзив ривожланишни таъминлашга қаратилган. Шу нуқтаи назардан аграр соҳадаги ҳар бир рақам, ҳар бир инфратузилма объекти, ҳар бир экспорт шартномаси ортида инсон манфаати, оила фаровонлиги ва миллий иқтисодиёт салоҳияти ётади.

Ишлаб чиқарилган маҳсулотни сақлаш, қайта ишлаш ва бозорга чиқаришда инфратузилмавий базанинг етарлича эмаслиги кўп ҳолларда самарадорликни чеклаб келар эди. Бугун бу ҳолат изчил бартараф этилмоқда. 2025 йилнинг
биринчи ярим йиллигида 6 минг тонна сиғимга эга замонавий музлатгичлар ва сақлаш омборлари фойдаланишга топширилди. Бу каби инфратузилма объектлари маҳсулот йўқотилишини сезиларли даражада камайтириб, мавсумий ўзгаришлар шароитида бозорда нарх барқарорлигини таъминлашга, фермер ва деҳқонларнинг даромадини ҳимоя қилишга хизмат қилаётир. Шунингдек, ҳарорати сақланадиган омборлар экспортёрлар учун халқаро стандартлар даражасида логистика имкониятларини яратиб, маҳсулотларни узоқ масофаларга сифатли етказиш имконини бермоқда.
Агроинновацион кластерлар соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда. Бугунги кунда 16 та ҳудудда ана шундай кластерлар ташкил этилган. Улар “тадқиқот – етиштириш – қайта ишлаш – логистика – экспорт” занжири асосида фаолият юритмоқда. Бу тизим аслида тармоқдаги мавжуд сегментларни интеграция қилиш орқали юқори самарадорликка эришишни кўзлайди.
Агрокластерлар бу нафақат ишлаб чиқариш майдонлари, балки аграр билим, инновация ва тадбиркорлик марказлари ҳамдир. Уларда илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда юқори ҳосилдор, иқлимга мослашувчан навлар яратилиб, агротехнологик тавсиялар ишлаб чиқилмоқда. Таълим ва амалиёт уйғунлашган мазкур кластерларда ёш агроинженерлар, агробизнес мутахассислари ва агрономлар тажриба орттириб, янги авлод агротехник кадрлари етишиб чиқмоқда. Аҳамиятли жиҳати мазкур кластерларда ҳосилдорлик кўрсаткичлари ўртача 10 –15 фоизга ошмоқда. Бу тизимнинг амалиётда ўзини оқлаётганидан далолат беради. Шу билан бирга, кластер доирасида маҳсулотни қуйи қайта ишлаш корхоналарига тўғридан-тўғри етказиб бериш механизми шакллантирилгани фермернинг бозорга чиқиш харажатларини камайтиради ва реал даромадини оширади.
Яна бир муҳим жиҳат — агрокластерлар доирасида ижтимоий фойдали ташаббуслар ҳам амалга оширилмоқда. Аҳоли бандлигини таъминлаш, хотин-қизлар ва ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш, маҳаллий саноатни ривожлантириш борасида янги имкониятлар яратилаётир. Бу нафақат иқтисодий, балки ижтимоий барқарорликка хизмат қилувчи муҳим омил ҳисобланади. Шу билан бирга қишлоқ жойларда ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва логистика марказлари атрофида тадбиркорлик муҳити шаклланмоқда. Бугунги кунда агрокластерлар доирасида юзлаб кичик корхоналар, хизмат кўрсатиш марказлари фаолият бошлаган. Бу ўз навбатида маҳаллий иқтисодиётнинг ички имкониятларини жонлантириш ва ҳудудий тенг ривожланишни таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Барқарор ривожланиш тамойили...
Аграр ва озиқ-овқат саноати учун 2025 йилнинг иккинчи ярим йиллиги жуда муҳим ва ҳал қилувчи босқич ҳисобланади. Бу даврда амалга оширилиши кўзда тутилган вазифалар нафақат жорий йил якунида юқори кўрсаткичларга эришиш, балки келгуси йиллар учун мустаҳкам пойдевор яратишга қаратилган. Белгиланган мақсадлар соҳанинг ҳар бир бўғинини қамраб олган. Жамиятнинг барча қатламларига — фермерлардан тортиб истеъмолчиларгача ижобий таъсир кўрсатишга қаратилган.
Йил якунигача қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулоти ҳажмини 4,1 фоизга ошириш мақсад қилинган. Бу бир йилда икки ёки уч марта ҳосил олиш имконини яратиб, ердан фойдаланишда максимал самарадорликни таъминлайди. Шунингдек, 10 минг гектарда янги интенсив боғ ва узумзорлар барпо этиш орқали мева-сабзавотчилик соҳасида юқори ҳосилдор, экспортбоп навларни кенг кўламда етиштириш учун замин яратилади. Натижада ички бозорда сифатли маҳсулот етишмаслиги муаммоси ҳал этилади, халқаро бозорда рақобатбардошлик янада ошади.
Ишлаб чиқаришнинг муваффақияти тўғридан-тўғри қайта ишлаш ва сақлаш инфратузилмасининг самарадорлигига боғлиқ. Шунинг учун ҳам йил якунигача 132 та янги қайта ишлаш корхонасини ишга тушириш режалаштирилган. Бу ишлаб чиқарилган маҳсулотни юқори қўшилган қиймат билан бозорга чиқариш, экспорт имкониятларини кенгайтириш, маҳаллий брендларни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, 41 минг тонна сиғимдаги музлатгич ва логистика марказларини қуриш режаси мавжуд. Бу инфратузилмалар ҳосилни мавсумий йўқотишсиз сақлаш, мамлакатнинг ҳар қайси ҳудудидан сифатли маҳсулотни истеъмолчига етказиш, экспорт логистикасини ташкил этиш борасида ҳал қилувчи омиллардан биридир.
Агросаноат маҳсулотлари экспортини 1 миллиард АҚШ долларига етказиш йил якуни учун белгиланган асосий стратегик мақсадлардан биридир. Бу борада экспортбоп маҳсулот навларини кўпайтириш, халқаро талабларга мослашган ишлаб чиқариш тизимларини жорий этиш, логистика ва маркетинг имкониятларини кучайтириш чоралари кўрилаётир. Шу билан бирга янги бозорларга чиқиш — жаҳон иқтисодиётидаги ўзгаришлар, геосиёсий ҳолат ва эҳтиёжлар таҳлиллари асосида амалга оширилади. Хусусан, Яқин Шарқ, Жанубий Осиё ва Европа мамлакатлари Ўзбекистон агросаноати учун истиқболли экспорт йўналишлари сифатида белгиланган.
Аграр соҳада инвестиция муҳитини янада яхшилаш, хусусий ва хорижий сармояни жалб этиш энг муҳим масаладир. 2025 йил якунигача соҳага 490,3 миллион доллар миқдорида инвестиция ўзлаштириш режалаштирилмоқда. Бу сармоялар, аввало, технологик янгиланиш, замонавий техникалар хариди, юқори қийматли маҳсулотлар етиштириш, кластерлар доирасидаги инфратузилмани ривожлантириш ва замонавий қайта ишлаш корхоналарини ташкил этишга йўналтирилади. Ҳар бир инвестиция лойиҳаси бу – янги иш ўринлари, янги технология, янги бозор маданияти дегани. Бу жараёнда фермерлар, тадбиркорлар, ишчи-ходимлар ва маҳаллий аҳоли ҳам манфаатдор иштирокчига айланади.
Инсон капитали...
Аграр ислоҳотлар бу оддий ислоҳот эмас, балки иқтисодий, ижтимоий ва экологик тизимнинг қайта форматланиши, унинг ҳар бир бўғинида барқарор механизмлар ишлашини таъминлашга қаратилган кенг қамровли жараёндир. Бу жараёнда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати нафақат иқтисодий сегмент, балки мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлиги, аҳоли фаровонлиги ва экспорт салоҳиятини белгилаб берадиган стратегик тармоқ сифатида юксалмоқда. Сўнгги йилларда жорий этилган кластер тизими, рақамлаштириш, интенсив боғдорчилик, юқори қийматли қайта ишлаш лойиҳалари
ва экспортни диверсификация қилиш каби ёндашувлар бугун ўз натижасини бермоқда. Айниқса, инсон капиталига қаратилган эътибор — фермер
ва агротехнолог, муҳандис ва логистикачи, экспортчи ва тадқиқотчиларнинг малакасини ошириш орқали барқарор ўсишнинг асосий омилига айланмоқда.
Бугунги глобаллашган дунёда муваффақиятга эришиш учун мамлакатимиз нафақат миқдор кўрсаткичлари, балки рақобатбардошлик, сифат, инновация ва шаффофлик мезонлари бўйича ҳам олдинда бўлиши зарур. Шу боис аграр соҳадаги барча ислоҳотлар — замонавий стандартлар, халқаро ҳамкорлик ва бозор механизмларига мос равишда олиб борилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, агросаноат соҳасидаги муваффақият бу нафақат маҳсулот, балки инсон, таълим, технология, ахборот, шаффоф бошқарув ва энг муҳими, умуммиллий стратегияга асосланган ижтимоий барқарорликдир. Ўзбекистон агросаноат сиёсати айнан шундай стратегик ёндашув асосида бунёд этилмоқда. Бу йўлдаги ҳаракатлар изчил давом эттирилса мамлакатимиз нафақат минтақавий, балки глобал миқёсда ҳам озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор аграр тараққиётнинг ишончли намунасига айланади.
Иброҳим Абдураҳмонов,
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири
ЎзА