Қишлоқ хўжалиги бўлими янги бинода
Бухоро вилояти Ромитан тумани ҳокимлиги қишлоқ хўжалиги бўлими биноси фойдаланишга топширилди. Ҳудудда қишлоқ хўжалиги тармоқлари фаолиятини ташкиллаштириш ва тартибга солиш, барча тармоқда маҳсулдорликни ошириш, бозор расталарини арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш баробарида экспорт салоҳиятини оширишда мазкур бўлимнинг аҳамияти катта.
–Туманда аграр тармоқ масъуллари учун замонавий иншоотни барпо этишда “Бобур” маҳалла фуқаролар йиғинидан алоҳида ер майдони ажратилиб, қурилишига 3 миллиард сўм маблағ сарфланди, –дейди туман ҳокимлиги қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Бобир Солиев. – “Строй само” МЧЖ томонидан қурилиш ишлари олиб борилиб, шинам бино барпо қилинди.
Қишлоқ хўжалиги бўлими биносининг очилиш маросимида рамзий лента кесилиб, йиғилганлар унда яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишди. Нуронийлар дуога қўл очиб, юртимизга тинчлик, халқимиз дастурхонига тўкин-сочинлик, файз-барака тилади.
[gallery-17148]
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари