Қишлоқ аёллари доимо эътибор ва эъзозда
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 2007 йилда қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилаётган аёлларнинг муаммоларига кенг жамоатчилик эътиборини қаратиш, уларнинг аҳволи, турмуш шароитларини яхшилаш мақсадида махсус резолюция қабул қилиниб, унга кўра 15 октябрь – халқаро қишлоқ аёллари куни деб белгиланган. Мазкур сана мамлакатимизда кенг нишонланаётган бўлиб, уларга байрам кайфияти улашилмоқда.
Фарғона вилоятининг қишлоқларида ҳам хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган манзилли чора-тадбирлар ҳамда маданий-маърифий, тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилмоқда.

–“Инсон қадри учун” деган эзгу тамойил жараёнида халқаро қишлоқ аёллари кунининг нишонланиши қишлоқларда истиқомат қилаётган хотин-қизларга чинакам эҳтиром ифодасидир, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими Пардахол Норқобилова.–Фарғонада ҳам байрам тадбирлари юқори савияда ташкил этилаётган бўлиб, ҳар бир қишлоқ аёлига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Таниқли санъаткорлар, шоир ва ёзувчилар, маънавият тарғиботчилари маҳаллаларга бориб, учрашувлар ўтказмоқда. Шифокорлар хотин-қизларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиб, зарур маслаҳатлар бермоқда. Муҳим жиҳати, пиллакор, томорқачи, фермер, ҳунарманд аёллар, “Аёллар дафтари”га киритилган қишлоқлардаги эҳтиёжманд хотин-қизлар муносиб рағбатлантирилмоқда.

Ўзбекистон туманидаги Охта Тагоб маҳалласидаги “Каримжон Эргашев” фермер хўжалиги дала шийпонидаги байрам тадбири ҳам файзли онларга бой бўлди. Тадбирда сўз олган мутасаддилар аёлларимиз, мунис онахонларимиз ҳар қанча эътибор ва эъзозга муносиблиги, давлатимиз томонидан яратилган шароит ва имкониятлар туфайли қишлоқ аёллари ҳам барча жабҳаларда фаоллик кўрсатаётганини таъкидлаб, сана муносабати билан барчага илиқ ва самимий тилаклар билдирди.

Қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик ва бошқа соҳаларда ибрат намуналарини кўрсатиб келаётган опа-сингилларга ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари ва зиё улашувчи китоблар совға қилинди. Бир пиёла чой устидаги ширин дийдор ва дилдан суҳбатлар, хушовоз хонандалар ижросидаги дилтортар куй-қўшиқларга ҳамоҳанг рақсларга уланди.
М.Сулаймонов,
ЎзА