Қишлоқ аёллари доимо эътибор ва эъзозда
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 2007 йилда қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилаётган аёлларнинг муаммоларига кенг жамоатчилик эътиборини қаратиш, уларнинг аҳволи, турмуш шароитларини яхшилаш мақсадида махсус резолюция қабул қилиниб, унга кўра 15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни, деб белгиланди.
Ушбу сана дунёнинг кўплаб мамлакатларида нишонланиб келинади. Жумладан, мамлакатимизда ҳам бир неча йиллардан буён ушбу кун муносабати билан қишлоқ аёлларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини енгиллаштиришга қаратилган тадбирлар ўтказилади. Жорий йилда ҳам ушбу кунни янада кенг нишонлаш, қишлоқларда яшовчи хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган маданий-маърифий, тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилмоқда.
Андижон вилояти Избоскан туманида ушбу сана муносабати билан ўтказилаётган тадбирларда кўплаб қишлоқ аёллари иштирок этмоқда.
– Туманимиз аёлларининг аксарияти қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилади, – дейди Избоскан тумани ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари Назирахон Қобилова. – Бир қатор қулайликлар бўлмаган қишлоқ ҳудудларида яшаб, турли соҳаларда самарали меҳнат қилаётган, фарзандлар тарбияси билан шуғулланаётган опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлаш, уларнинг оғирини енгил қилишга кўмаклашиш, ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшашларини таъминлаш албатта, зиммамиздаги энг муҳим вазифалардан биридир.

Ана шундан келиб чиқиб, Халқаро қишлоқ аёллари куни муносабати билан ўтказилаётган ойлик доирасида кўплаб тадбирлар ташкил этилмоқда. Жумладан, тумандаги Боймаҳалла, Ғудур, Элатан, Юқори Чувама маҳаллаларида яшовчи 80 нафар хотин-қиз З.М.Бобур номли вилоят театрига олиб борилди. Улар Мақсуд Шайхзода асари асосида саҳналаштирилган “Мирзо Улуғбек” спектаклини томоша қилиб, маданий дам олишди.
Лўғумбек қишлоғи Ровот маҳалласида маҳалла аёллари, ҳарбий қисм хизматчилари, уларнинг оила аъзолари иштирокида ўтказилган “Аёлларга айтар сўзим бор” деб номланган учрашув унутилмас таассуротларга бой бўлди.
Учрашувда оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, аёлнинг оиладаги ўрни, оилада юзага келиши мумкин бўлган муаммоларга оқилалик билан ечим топиш, фарзандлар тарбиясини чиройли тарзда йўлга қўйиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Учрашув доирасидаги бадиий дастур қишлоқ аёллари кайфиятини кўтарди.
Туман оила ва хотин-қизлар бўлими ташаббуси билан туман солиқ инспекцияси раҳбари сектори ҳудудида хотин-қизларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида сайёр қабул ўтказилди. Қабул давомида турли масалалар бўйича мурожаат қилган 30 нафардан зиёд хотин-қизнинг 11 нафарига тегишли масала жойида ижобий ҳал қилинди, ҳал этилиши маълум муддат талаб этадиган 8 та мурожаат ўрганиш учун мутасадди ташкилотларга тақдим этилиб, ижроси назоратга олинди.
Туманнинг, Тиллабоев массивидаги "Умарали ҳожи Азиз ерлари" далаларида пахта йиғим-теримида иштирок этаётган Қўшкўприк маҳалласи хотин-қизлари учун “Аёллари эъзозланган юрт” мавзусида байрам тадбири ташкил этилди. Тадбирда туман ҳокимлиги, оила ва хотин-қизлар бўлими мутасаддилари ҳамда "Оқила аёллар ҳаракати" аъзолари томонидан теримчи аёлларга алоҳида эҳтиром кўрсатилди. Йиғим-теримда фаол иштирок этаётган 32 нафар илғор аёллар эса эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Избоскан туманида Халқаро қишлоқ аёллари куни муносабати билан ташкил этилаётган бу каби тадбирлар давом этмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА