Қиш-қировли кунлар: қандай чоралар кўрилмоқда
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими ва Хатирчи туман ҳокимлиги ҳамкорлигида туман ҳудудидаги кўп хонадонли уйларни 2022-2023 йиллар куз-қиш даврига тайёрлаш юзасидан амалга оширилган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Таъкидланганидек, тумандаги иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп хонадонли турар жой фондини 2022-2023 йиллар куз-қиш мавсуми даврида барқарор ишлашга тайёрлаш юзасидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, ҳудудларда аниқланган камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш бўйича масъуллар бириктирилган.
Туманда жами 72 та кўп қаватли уйлар мавжуд бўлиб, уларнинг 43 таси туман марказида, 29 таси эса Лангар қўрғонида жойлашган.
Фаолият олиб борган 2 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари мулкдорлар томонидан “қониқарсиз” деб баҳоланганлиги боис уларнинг фаолияти тугатилиб, “Хатирчи Бест Коммунал” бошқарув ташкилотига айлантирилди.
Ҳозирда барча кўп хонадонли уй-жойлардаги 946 та хонадон мулкдорларига хизмат кўрсатувчи бошқарув ташкилоти тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ “Менинг уйим” биллинг дастурига киритилган.
[gallery-10376]
Бошқарув компанияси томонидан мулкдорлар ўртасида шартнома тузилиб, совуқ сув, канализация, чиқинди, мажбурий бадал маблағларини бир жойга йиғиш тартибини йўлга қўйиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
“Хатирчи Бест Коммунал” бошқарув ташкилоти маблағлари ҳисобидан туман марказида жойлашган “Дамариқ” маҳалласи ҳудудидаги 3 та кўп хонадонли уйларнинг фасад ва 4 дона кириш йўлаклари таъмирланди.
Матбуот анжуманида ижтимоий соҳа объектлари ва аҳолига кўмир маҳсулоти етказиб бериш жараёни ҳақида ҳам маълумот берилди. Бугунги кунда туман ҳудудида мавжуд умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотлари ва туман тиббиёт бирлашмасига қарашли объектларга режалаштирилган 5 минг 157 тонна ўрнига кўпроқ кўмир маҳсулотлари етказиб берилди.
Шунингдек, табиий газ етиб бормаган ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолига куз-қиш мавсумида кўмир ёқилғисига бўлган эҳтиёжи ўрганилиб, уларга 5 минг 501 тонна кўмир етказиб бериш режалаштирилган эди. Шу кунга қадар, қарийб 3857 тонна кўмир тарқатилди. Шу билан бирга ижтимоий дафтарларга киритилган эҳтиёжманд фуқароларга “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси ҳузурида ташкил этилган “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан 362,6 тонна кўмир тарқатилди. Айни пайтда кўмир омборида 209 тонна захира мавжуд.
Матбуот анжуманида туман ҳокимлиги мутасаддилари томонидан ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА