Қиш мавсуми беталофат ўтади
Фоторепортаж
Наманган вилояти Поп тумани марказидан олисдаги Чоркесар, Маданият, Имомота аҳоли манзилгоҳларида кўчма савдо ва хизмат кўрсатиш ишлари ташкил этилди, аҳолига кўмир, суюлтирилган газ баллонлари тарқатилди.
Аҳоли талабларидан келиб чиққан ҳолда ишга талабгорлар рўйхатини шакллантириш бошланди. Яқиндагина иш бошлаган «Чодак экваториал текс» корхонаси томонидан махсус автобус ташкил этиш масаласи ҳақида ҳам кенгашиб олинди.
Шунингдек, чорва боқиш истагидаги фуқароларга ўнтадан эчки берилди. Бу жараёнда маҳалладаги лидер тадбиркорлар аҳолига бепул, ўзаро келишув асосида чорва тарқатади.
[gallery-5396]
Вилоятнинг Янгиқўрғон туманида ҳам аҳолининг кайфиятини кўтариш, қишнинг совуқ кунларини беталофат ўтказиб олишларида кўмаклашиш, зарур озиқ-овқатлар билан узлуксиз таъминлаш борасида қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Унга кўра, туманнинг чегара ҳудуди ҳисобланмиш «Оқтом» маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда қиш мавсумини беталофат ўтказиш мақсадида ҳокимлик томонидан ун, суюлтирилган газ баллонлари, кўмир ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди.
Бугунги кунда Оқтом маҳалласидаги 300 хонадонда 1600 нафар фуқаро истиқомат қилмоқда.
– Қишлоғимиз туманнинг энг чекка, чегара ҳудудида жойлашганлиги боис озиқ-овқат, ёқилғини келтириш масаласи бироз қийинчилик туғдириши сир эмас, - дейди фуқаролардан бири Толибжон Тўйчиев. – Туман ҳокимлиги мутасаддиларидан миннатдормиз. Узоғимизни яқин қилиб, хонадонимизга яқин жойда озиқ-овқат ва ёқилғи маҳсулотлари ярмаркасини уюштириб берди. Ҳам маблағимиз, ҳам вақтимиз тежалди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат), ЎзА