Қирлишонликлар хурсанд...
Олотнинг энг олис ҳудудларидан бири бўлган «Қирлишон» маҳалла фуқаролар йиғини «Обод қишлоқ» дастури асосида замонавий қиёфага кириб бораяпти.
Бугун қишлоқнинг ҳар бир кўчасида олиб борилаётган ишлар чин маънода қирлишонликлар учун бир неча йиллик орзу-истакнинг рўёбга чиқаётганлигининг ёрқин ифодаси бўлаяпти.
Туман давлат хизматлари маркази ҳам қатордан кам бўлмай, ҳудуд аҳолисига сайёр давлат хизматларини кўрсатаяпти. Давлат хизматлари агентлиги Бухоро вилоят бошқармаси раҳбарияти ва туман давлат хизматлари маркази ходимлари уйма-уй аҳоли билан суҳбат қилиб, уларни қийнаб келаётган муаммоларни эшитишди.

Хуршиджон 6 ёшда. Лекин ҳалигача боғчага бормаган. Бобоси билан суҳбатлашганимизда “…Боғчага бориш учун йўлланма керак экан. Лекин биз марказдан олисда яшаймиз. Шу сабаб иш билан овора бўлиб, боғчага жойлаштириш учун ариза беришга ҳеч вақт топилмаётган эди», деб сўз бошлади Ягмурод ота Ҳасанов. Ҳудудга келган туман давлат хизматлари маркази ходимлари Хуршиджонни мактабгача таълим ташкилотига жойлаштириш бўйича сайёр тартибда ариза олишди.
Шарбат ая меҳнат фахрийси. Онахон бир неча йиллар қишлоқдаги мактабда болаларга сабоқ бериб келган. Ёшлигидан меҳнатга ўрганган Шарбат ая енгни шимариб, қишлоқда амалга оширилаётган ишларга ўз ҳиссасини қўшиб, ёшларга ўрнак бўлаяпти. Мобил давлат хизматларини кўрсатувчи автобус келганлигини эшитиб, сув таъминоти учун техник шартларни олишга ариза берди. Чунки эндиликда ҳудуд «Обод қишлоқ» дастури асосида тўлиқ тоза ичимлик суви билан таъминланаяпти.
Азиза Чўллиява 3 боланинг онаси. Турмуш ўртоғи доимий иш билан банд бўлмаганлиги сабаб, вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга жўнаб кетган. Азиза қишлоқдаги мавсумий ишлар билан банд бўлганлиги боис, болалар кўп вақтларда уйда ёлғиз қолишарди. Уларни боғчага жойлаштириш учун эса «ҳа» деганда вақт топилмасди. Бугун сайёр тартибда болаларни мактабгача таълим ташкилотига жойлаштириш бўйича ариза берган Азизанинг елкасидан тоғ ағдарилгандек бўлди.
Сайёр қабул куни Давлат хизматлари агентлиги Бухоро вилоят бошқармаси масъуллари ҳамда туман давлат хизматлари маркази ходимлари қирлишонлик ёшлар билан учрашув ўтказишди.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, Аҳоли ҳамда юридик шахсларга сифатли давлат хизматлари кўрсатувчи марказлар «Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади» тамойилининг амалда бажарилишига мустаҳкам замин яратаяпти. Ўз навбатида Олот туман давлат хизматлари маркази олотликларга тезкор, шаффоф, халққа яқин давлат хизматларини кўрсатиб, ҳар бир фуқаронинг бугунидан рози, эртанги кунига ишонч билан яшашида муҳим ўринга эга бўлиб бормоқда.