Қирғиз-Ўзбек халқаро университети делегацияси Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтига ташриф буюрди. Учрашув чоғида олий таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
Икки олий таълим муассасалари масъуллари иштирокида бўлиб ўтган тадбирда жорий йилнинг 11-12 март кунлари икки давлат раҳбарларининг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган музокараларида келишилган эришувлар, шунингдек, олий таълим муассасаларининг ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириш ва чуқурлаштириш, профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг академик мобиллигини ошириш, илмий тадқиқот ишларини ҳамкорликда амалга ошириш, Қирғизистон Республикаси учун рақобатбардош кадрлар тайёрлаш кўламини кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Олиб борилган музокаралар натижасида Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ва Қирғиз-Ўзбек халқаро университети ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, университет базасида халқаро факультет ташкил этиш, қўшма ихтисослашган кенгаш ташкил этишни назарда тутувчи меморандум ҳамда икки томонлама диплом берувчи қўшма таълим дастури асосида кадрлар тайёрлаш бўйича шартнома имзоланди.
Ушбу келишувлар икки олий таълим муассасаси ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз. Эндиликда турдош йўналишларда махсус кенгаш тузилиб, унга икки томоннинг етакчи олимлари жалб қилинади. Бу рақобатбардош ва етук кадрлар тайёрлаш кўламини янада кенгайтиришга замин яратади.
Тадбир доирасида меҳмонлар институтнинг дизайн студияси, замонавий лабораториялар билан танишди.
ЎзА