Қиличбозларимиз улкан мақсадларни кўзламоқда
Ўзбекистон Спорт вазирлиги ҳамда Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти мамлакатимиз қиличбозлик федерациясининг навбатдаги Олимпия ўйинларига тайёргарлик режалари ҳақидаги тақдимоти билан танишди.
Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, қиличбозларимиз сўнгги икки Олимпия ўйинларида делегациямиз таркибида иштирок этиб келмоқда. Янги Олимпия мавсуми терма жамоамиз учун ҳар қачонгидан масъулиятли ҳисобланади.

Боиси, 2027 йил Тошкент катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади ва унда Олимпиада учун энг йирик рейтинг очколари ўйналади. Федерация тақдимотида раис Мақсуд Абдусамадов ва Бош котиб Гулнора Саидова бу борада алоҳида тўхталиб ўтди.
Шунингдек, қиличбозларимиз бу гал жамоавий дастурда ҳам Олимпиада йўлланмалари учун кураш олиб бориши ҳақида таъкидланди. Бу борада саблячиларимизнинг имконияти юқори баҳоланиб, ҳозирдан тайёргарлик бошлаб юборилгани маълум қилинди. Шунингдек, қиличбозларимизни бошқа йўналишларда ҳам муносиб тайёрлаш борасида ишлаб чиқилган режа таништирилди.

Суҳбат давомида янги Олимпия циклида терма жамоага жалб қилиниши кутилаётган хорижлик мураббийлар масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Терма жамоа бош мураббийи Руслан Кудаев хорижлик мутахассислар билан ишлаш, юртимизда ёшлар ўртасидаги Осиё ва Жаҳон кубоги босқичларини ўтказиш орқали иқтидорли спортчиларни саралаш кўзда тутилганини қўшимча қилди.
Якунда федерациянинг ҳудудий бўлимлари билан ишлашни янада жадаллаштириш тавсия қилиниб, Ўзбекистон делегациясини «Лос-Анжелес-2028» ёзги Олимпия ўйинларига пухта тайёрлаш бўйича ишлаб чиқиладиган Президент қарори лойиҳаси учун таклифлар билдирилди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА