Қидирувдаги шахс топилди
Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳар бўлими иш юритувида мавжуд бўлган фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро суднинг 2017 йил 27 ноябрь кунги суд буйруғига асосан ундирувчи С.Н. фойдасига тарбиясидаги икки нафар фарзанди таъминоти учун қарздор С.Б.дан алимент ундириш белгиланган.
Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида, қарздорнинг яшаш манзилига борилганида, ушбу манзилда яшамаётганлиги, унинг яшаш манзили ҳақида аниқ маълумот йўқлиги аниқланди. Шу сабабли, унга нисбатан Мажбурий ижро бюроси Нукус шаҳар бўлими давлат ижрочиси томонидан қидирув эълон қилинди.
Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси қидирув шўъбаси ходимлари томонидан амалга оширилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида қарздор Тошкент шаҳридан топилди. У шу куннинг ўзида алимент пулидан юзага келган 24,2 миллион сўм қарзини собиқ турмуш ўртоғига тўлаб берди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири