Қидирувдаги қизалоқ топилди
Ургутлик Р.Р. ва Х.Г. бир неча йил олдин ширин орзулар билан оила қурган эди. Йиллар ўтиб, оилада қизалоқ фарзанд дунёга келган. Афсуски, ота-онанинг келишмовчиликлари сабаб ушбу оила пароканда бўлди. Фарзанд эса сарсон. Унинг тарбиясига қайғурадиган кимса қолмади.
Шундай вазиятда ота судга мурожаат қилди. Фуқаролик ишлари бўйича Ургут туманлараро суди 2022 йил 21 декабрда вояга етмаган – 2017 йилда туғилган Х.Ш.ни отанинг тарбиясига олиб бериш ҳақида қарор қабул қилди. Ушбу қарор Бюронинг Ургут туман бўлимига келиб тушгач, ижро ҳаракатлари бошланган. Бироқ, жавобгарнинг кўрсатилган манзилида қизалоқ топилмади.
– Мазкур ҳолат бўйича бошқарма қидирув бўлими томонидан қидирув ишлар олиб борилди, – дейди МИБ Самарқанд вилояти бошқармаси инспектори Тўражон Жалилов. – Қидирув ҳаракатлари давомида қизалоқ Самарқанд туманидан топилиб, отанинг тарбиясига олиб берилди.
Ғ.ҲАСАНОВ,
ЎзА