Қидирувдаги “Captiva” автомашинаси топилди
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида тадбиркорларга бир қатор енгилликлар берилди. Хусусан уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида турли имтиёзли шартлар асосида кредитлар ажратилмоқда. Бундай имкониятлардан тўғри фойдаланиб, юртимиз равнақи ва фаровонлигига ўзининг ҳиссасини қўшаётган ҳамда ажратилган кредит маблағларини ўз вақтида қайтараётган тадбиркорлар кўп.
Бироқ, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, айрим тадбиркорлар кредитларни қайтариш борасидаги ўз масъулиятини унутиб қўймоқда. МИБ органлари томонидан суд қарорларига асосан кредит қарзларини ундириш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Мисол учун, Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судининг 2022 йил 7 февралдаги қарорига асосан қарздор “Mironshox textile 777” оилавий корхонасидан ундирувчи АТБ “Xalq banki” Гала Осиё филиали фойдасига 131,6 миллион сўм кредит қарзи ундириш белгиланган бўлиб, ижро ҳужжати Бюронинг Бухоро тумани бўлими иш юритувига юборилган.
Давлат ижрочиси томонидан ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, қарор нусхаси тарафларга юборилган. Қарздорга ижро ҳужжати мазмун моҳияти тўлиқ тушунтирилиб, бартараф этиш учун ихтиёрий муддат берилган бўлсада, қарздорлик бартараф қилинмаган.
Давлат ижрочисининг 2022 йил 9 мартдаги қарорига асосан гаров мулки ҳисобланган “Captiva” автомашинасига нисбатан қидирув эълон қилинган. Бюронинг қидирув ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида “Captiva” автомашинаси Бухоро тумани, “Юринболо” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи корхона раҳбарининг қариндоши бўлган фуқаронинг уйида эканлиги аниқланган. Ўтказилган тадбир натижасида автомашина мазкур манзилда топилиб, тегишли тартибда жарима майдончасига жойлаштирилди.
Қарздор томонидан қарздорлик белгиланган муддатда бартараф қилинмаса, автомашина баҳоланиб, электрон савдо майдончаси орқали савдога чиқарилиши ҳақида огоҳлантирилди. Ижро ҳужжати талабини ихтиёрий бажармаслик, мажбурий ижро ҳаракатларининг ўтказилишига сабаб бўлади.
Зариф Комилов,
ЎзА