Қибрайда ўтказилган мамлакат чемпионати ниҳоясига етди
Тошкент вилояти Қибрай туманидаги “Универсал жампинг агро” от спорти клубида уч кураш бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида мамлакат чемпионати баҳслари ниҳоясига етди. Турнирда Андижон, Фарғона, Қашқадарё, Бухоро вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан 20 нафарга яқин чавандозлар ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Мусобақа якунига кўра, ўсмирлар ўртасида бўлиб ўтган баҳсларда Умид Вафоев (Бухоро, “Максимал”) ғолиб бўлди. Кейинги ўринлар Елизавета Карачан (“Артур-2”) ва Максим Дворянский (Тошкент шаҳри, “Аллагир”)га насиб этди. Ёшлар ўртасидаги баҳсларда қашқадарёлик ёш чавандоз Аброр Эсоновга ғолибликни қўлга киритди. Аброр “Кросс” лақабли отида биринчи ўринни эгаллаган бўлса, яна бир тулпор – “Мираги”да 2-ўринга сазовор бўлди. 3-ўринни Фарғона вилоятидан ташриф буюрган Элдор Эркинов “Фаришта” лақабли отида эгаллади.
[gallery-2319]
Чемпионат ғолиби ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан таъсис этилган диплом, медаль ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Муҳаммад АМИН (cурат), ЎзА