Қайта тикланувчи электр манбаи: қулай ва тежамкор
Бухоро вилояти Ромитан туманида 133 аҳоли хонадони ва етмишдан ортиқ ижтимоий соҳа иншооти қайта тикланувчи электр манбаига эга бўлди.
Президентимизнинг 2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларида ва аҳоли хонадонларида қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, энергия самарадорлигини ошириш мақсадида Бухоро вилояти Ромитан туманида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, турар жой иншоотлари билан бирга тадбиркорлик субъектлари ва ижтимоий соҳа объектларига қуёш панеллари ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айниқса, иқтисодиёт тармоқларида қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, Газли нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасида қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий қилиш ишлари авжида. Ишлаб чиқилган “Энергия тежамкорлик дастури”ни амалга ошириш доирасида бугунга келиб йирик корхонада умумий қуввати 150 кВт соатга тенг бўлган қуёш панелларини ўрнатиш ишлари ниҳоясига етказилиб, тизим ишга туширилмоқда.

Ўрнатилган панелларнинг ишга туширилиши эса корхонанинг яқин атрофдаги учта ётоқхонаси, иккита ошхона ва автотураргоҳни ёруғлик вақтида электр энергияси билан таъминлаш имконини беради. Бундан ташқари, қуёш панеллари ўрнатилган майдончада қўшимча 700 метр квадрат ҳажмдаги қуёшдан ҳимояланган жами 50 автоулов сиғдира оладиган автотураргоҳ барпо қилинган.

Газли нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасида мазкур ташаббусни амалга оширишдан кутилаётган йиллик самара ҳисоб-китобга кўра 331 миллион сўмни ташкил этади. Бу иқтисодий самарага тармоқдан электр энергияси истеъмолини 414 минг кВт соатга камайтириш ҳисобидан эришилади. Таъкидлаш жоизки, қуёш панелларини ўрнатиш, пойдевор ва панел ўрнатиш учун темирли қопламалар, шунингдек, қурилиш-монтаж ишлари тўлиқ корхонанинг ички имконияти ҳисобидан бажарилган.
Фақат шугина эмас, бу корхонада жорий йилда қуввати 100 кВт ва 90 кВт соатга тенг бўлган иккита қўшимча фотоэлектр станциясини ҳамда ташқи тармоқдан электр энергия сарфини камайтириш мақсадида сувни қуёш энергияси ёрдамида иситиш тизимини қуриш ва йўлга қўйиш режалаштирилган. Бу лойиҳани шу йил якунигача рўёбга чиқариш кўзда тутилган.
Айни пайтда туманда 67 ижтимоий соҳа объектига, 95 аҳоли истеъмолчиси хонадонига қуёш фотоэлектр станциялари ўрнатилмоқда. Ҳозирга қадар “Қуёшли хонадон” лойиҳаси асосида 133 хонадон ва жами 70 дан ортиқ корхона ва ташкилот мазкур панеллар билан таъминланган. Мутахассислар ҳисоб-китобига биноан аҳоли хонадонларига 380 кВт соат, корхона-ташкилот ва ижтимоий соҳа иншоотларига жами 650 кВт соатга тенг қуёш панели ўрнатилган. Бундан ташқари, ҳудудда 50 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти ўз савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси ёки дўконини 620 кВт соат қувватга эга қайта тикланувчи қуёш панеллари билан таъминлаган.
Муҳими, бугун қуёш панели каби муқобил энергия манбаига бўлган талаб ошмоқда. Манбанинг қулай ва самарадорлиги боис унга қизиқиш ва эҳтиёж ортмоқда. Шу боис, туманда бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Зариф Комилов,
ЎзА