Марказий банк 2024 йил II чораги бўйича аҳолининг истеъмол кайфияти шарҳини эълон қилди. Унда қайд этилишича, жорий йил II чоракда даромад субиндекси аввалги чоракка нисбатан 0,7 фоизга пасайиб, 70,3 бандга тенг бўлган ва ўтган йилнинг мос даври даражасида шаклланган.
Келгусида даромадлар ошиши бўйича кутилмалар индекси бироз пасайган бўлса-да, сўров иштирокчиларининг қарийб учдан икки қисми келгуси чоракларда даромадлари кўпайишини кутяпти.
Келгусида даромади ошишини кутаётган респондентларнинг аксарият кўпчилиги 5-7 млн сўм, 7-10 млн сўм ва 10 млн сўмдан юқори ойлик даромадга эга бўлган гуруҳларга тўғри келмоқда. Даромади нисбатан пастроқ (2-3 млн сўмгача) бўлган аҳоли вакилларининг келгусида даромади ортиши бўйича кутилмалари қолган даромад гуруҳларига нисбатан пастроқ шаклланган.
Респондентларнинг 68 фоизи (ўтган чоракда 75 фоиз) расмий иш хақидан даромад олишини таъкидлаган. Тадбиркорлик, томорқа фаолияти ҳамда пул ўтказмалари орқали даромад олувчиларнинг улуши ортган.
Сўровда туризм, маиший хизмат, ташиш хизмати ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида фаолият юритувчилар даромадларининг ошиши бўйича оптимистик кутилмалар қайд этилган бўлса, аксинча, давлат бошқаруви, банк-молия, коммунал хизматлар ва қурилиш соҳасидагиларнинг кутилмалари нисбатан пессимистик бўлган.
Харажат субиндекси
Иккинчи чоракда респондентларнинг кўпчилиги пулнинг катта қисмини уй-жой таъмири (25,8 фоиз), таълим (20,5 фоиз) ва даволаниш (20,1 фоиз) учун сарфлашганини қайд этган. Ўз навбатида харажатлар таркибида автомобиль сотиб олганлар улуши биринчи чоракдаги 12,3 фоиздан 10,5 фоизгача, уй-жой хариди улуши 6,2 фоиздан 5,8 фоизгача қисқарган.
Мебель сотиб олиш (5,3 фоиздан 4,3 фоизга), электрон қурилмалар (4,8 фоиздан 3,5 фоизга), оилавий тадбирлар (11,5 фоиздан 9,2 фоизга) билан боғлиқ харажатлар улуши ҳам камайган.
Ўз навбатида, тўй маросимлари (7,7 фоиздан 8,4 фоизга), саёҳат (5,2 фоиздан 6,5 фоизга) ва уй-жойларни таъмирлаш (23,7 фоиздан 25,8 фоизга) билан боғлиқ харажатлар улуши ортган.
Таҳлилларга кўра, аксарият респондентлар жамғармалари мавжуд эмаслигини таъкидлаган. Шунингдек, жамғармалари 1 ойгача етадиган респондентлар улуши тахминан 34 фоизни ташкил этган бўлса, 1−3 ойгача бўлган давр учун ушбу кўрсаткич тахминан 17 фоизга тенг бўдган.
Ш.Маматуропова, ЎзА