Сайловлар ушбу жараён иштирокчилари бўлган сиёсий партиялар учун энг муҳим синов даври ҳисобланади. Ҳар бир сиёсий партия сайловда кўпроқ депутатлик ўринларини эгаллашга уринар экан, аҳоли орасига кенгроқ кириб бориши, ғоя ва мақсадларини тарғиб этиб, тарафдорлари сонини кўпайтириши лозим бўлади.
Сайловдан сайловгача бўлган вақт мобайнида сиёсий партияларнинг амалга оширган лойиҳалари, фаолияти, натижадор саъй-ҳаракатлари навбатдаги сайловларда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Амалий ишлар ва кенг жамоатчилик орасига кириб бориш, аҳоли ишончига сазовор бўлиш партиянинг нуфузини юксалтиради. Энг муҳими, партияни қўллаб-қувватловчилар сафи ортишига замин бўлади.
Маълумки, бу йил мамлакатимизда парламент ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига навбатдаги сайловлар бўлиб ўтади. Айни кунларда ушбу муҳим сиёсий тадбирга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз тарихида илк бор Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари аралаш сайлов тизими – мажоритар ва пропорционал сайлов тизими орқали сайланади. Яъни, қуйи палата депутатларининг 50 фоизи мажоритар тизим –ҳар бир округдан битта номзодга овоз бериш орқали, 50 фоизи эса пропорционал тизим – партияга овоз бериш орқали партия томонидан тақдим этилган рўйхат асосидаги номзодлар сайланади. Ҳар бир партия ўз рўйхатида 75 нафардан 100 нафаргача номзодни кўрсатиши мумкин.
Демак, пропорционал тизимда сайловчиларнинг танловида сиёсий партиялар биринчи ўринга чиқади. Бу эса партияларнинг сайловчилар орасидаги мавқеи, дастурий мақсад-вазифаларининг нечоғли халқчил ва долзарб эканлиги билан чамбарчас боғлиқ.
Хўш, бугун сиёсий партияларнинг тарафдорлари, улар сафларидаги аъзолари сони қанча? Юртимиз фуқаролари кўпроқ қайси партия дастури ва ғояларини қўллаб-қувватлайди, қайси бирига кўпроқ ишонади? Қайси партия сафларида аёллар ва ёшлар кўпчиликни ташкил этади?
Мустақиллигимиз билан тенгдош бўлган Халқ демократик партияси сафида жорий йилнинг 15 июль ҳолатига 704 минг 183 нафар аъзо мавжуд. Улар 10 минг 695 та Бошланғич партия такилотига бирлашган. Партия аъзоларининг 281 минг 167 нафарини ёшлар (40 фоиз), 351 минг 209 нафарини аёллар (50 фоиз) ташкил этмоқда.
1995 йилда ташкил топган Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзоларининг умумий сони 1 миллион 104 минг 283 нафардан иборат. Шундан аёллар – 595 минг 208 нафар (54 фоиз), ёшлар – 430 минг 689 (39 фоиз) нафарни ташкил этади.
2008 йилда “Миллий тикланиш” ва “Фидокорлар” демократик партияси негизида ташкил этилган “Миллий тикланиш” демократик партияси сафида эса 762 мингдан ортиқ аъзо бўлиб, шундан 265 минг нафари аёллар (39 фоиз), 341 минг нафари ёшлар (51 фоиз)дан иборат.
2003 йилда ташкил топган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сафидаги аъзолар сони 1 миллион 620 минг 238 нафарни ташкил этади. Шундан 738 минг 591 нафари аёллар (46 фоиз), 782 минг 877 нафари 34 ёшгача бўлган ёшлардан (48,8 фоиз) иборат.
2018 йилда ташкил этилган энг ёш сиёсий партия – Ўзбекистон Экологик партияси қисқа муддат ичида ўз атрофида 638 мингдан ортиқ юртдошимизни бирлаштира олди. Шундан 320 минг 730 (50,3 фоизи) нафари хотин-қизлар, 266 минг 648 (41,8 фоизи) нафари ёшлардир.
Ишончни қозониш баробарида уни оқлаш энг муҳим масала. Шундай экан, бугун муҳим сиёсий жараён олдида турган партиялар ўз атрофида бирлашган юртдошларимизнинг ишончини оқлаш борасида янада фаол, ташаббускор бўлиши талаб этилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА