Сиз нима дейсиз?
Ҳозирги глобаллашув даврида ахборот оқими шунчалар кўпайдики, уларни “яхши-ёмон”га ажратиш, таҳлил қилиш, англаш, тегишли хулоса чиқариш ҳар биримизнинг билим ва дунёқарашимиз даражасига боғлиқ.
Рақамли технологиялар, электрон маълумотлар базаси, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш қатор қулайликларга эга. Масалан, интернет орқали дунёнинг исталган жойида юз берган янгиликдан тезда хабардор бўлиш мумкин.
Газета-журналлар, босма нашрларни ўқиш учун эса бироз ҳаракат, сарф-харажат талаб қилинади: обуна бўлиш ёки сотиб олиш керак.
Шу ўринда савол туғилади: юртдошларимиз газета-журналларни мутолаа қиляптими ёки бу эҳтиёжни интернет орқали қондиряптими?
Фарғоналик айрим юртдошларимизнинг бу борадаги фикрлари билан қизиқдик.
Омонжон ҲОШИМОВ, меҳнат фахрийси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби:
– Аввало, интернетнинг “аъло”синиям, “бало”синиям яхши биламан. Ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган хабар ва ахборотлар, бўлар-бўлмас фикрлардан одамлар чарчади. Интернет сайтлари, ҳазрат Навоий таъбири билан айтганда, “оғзига келганни демоқ” учун минбар бўлиб қолмаслиги керак. Қандай фикр-мулоҳаза, ёндашув, маълумот бўлишидан қатъий назар, уни айтаётган, тарқатаётган кишидан ҳаё, одоб, масъулият талаб қилинади. Хусусий сайт ва каналларда маза-бемаза, олди-қочди, шов-шувга мойил, “таги йўқ” ахборотлар кўпайиб кетди. Мавзулар бўйича таҳлил, мантиқли фикрлаш яққол кўзга ташланмайди.
Газета-журналлар, босма нашрларнинг эса мен ҳурмат қиладиган жиҳати шундаки, чоп этилган мақолаларнинг муаллифи, демакки, масъулияти бор. Ҳар бир мақола ёки хабар муҳаррир чиғириғидан ўтади, таҳлил қилинади. Иккинчидан, босма нашрлар – жонли тарих. Уларда ўз даврининг нафаси сезилиб туради. Менда 70-80-йилларга оид газеталар тахлами бор, ҳозир ҳам республика ва вилоят нашрларига обуна бўламан. Уларни ўқиб, мулоҳаза қиламан. Аслида ҳам, эшитиш бошқа, кўз билан кўриб, ўқиш бошқа-да. Газета ёки журнал ўқиган одамнинг тил бойлиги, тафаккур кенглиги ҳам юксалиб боради.
Шуҳратжон ИСМОИЛОВ, шифокор:
– Ростини айтсам, кейинги пайтда газета ўқигани вақтим йўқ. Ишхонада ёки бирор идорада кўзим тушиб қолса, албатта, қўлимга олиб, мутолаа қиламан. Баъзан одамлар учун жуда фойдали ва ўринли мақолалар эътиборимни тортади. Илгари уйимизга почтачи ҳар ҳафта бир тахлам газета ташлаб кетарди. Обуна нархиям унча қиммат эмасди, менимча. Ўша газета-журналларни ўқиб катта бўлдик. “Ёшлик”, “Гулхан”, “Шарқ юлдузи”, “Саодат” журналлари, бир-биридан қизиқарли ва ўзига хос газеталарни ота-онам, оила аъзоларимиз ҳам қўлдан қўймай, кейинги сони келгунича мутолаа қилишарди. Соҳамга оид нашрларга обуна бўлиш, билимимни ошириш ниятидаман.
Ҳозирги пайтда интернет ривожланиб, исталган ахборотни олиш имконияти бор. “kun.uz”, “uza.uz” каби сайтларда долзарб масалалар, тезкор хабарлар берилади. Сиёсий воқеаларга муносабат, уларнинг таҳлилини ўқиш мумкин. Умуман, газета бўладими, сайт бўладими – мазмуни, савиясига қараб одамлар ўзи танлаб олаверади.
Ҳожиакбар ШАҲОБИДДИНОВ, талаба:
– Газета-журналларни кам ўқийман. Уйдагилар обуна бўлишади ёки сотиб олишади. Интернет ва замонавий телефонлар ёрдамида газеталарни бемалол ўқиш мумкин, улар ПДФ шаклида омма эътиборига ҳавола этилмоқда. Электрон китобларни ҳам шу усулда мутолаа қиламан.
Бир жиҳатга эътибор қаратиш керак. Мисол учун, бирор соҳага оид газетадан фақат шу йўналишдаги маълумотларни оласиз, сайтларда эса турли-туман янгиликлар, тезкор ахборотлар, қизиқ маълумотлар янгиланиб турилади. Ўйлашимча, газеталар анча арзон тарқатилса ёки электрон кўринишга ўтказилса, ўқувчилар сони кескин ортади. Нима бўлганда ҳам, мақола ва бадиий асарлар мутолааси зарур, китобхон ва газетхон кишиларнинг фикрлаш доираси кенг бўлади.
Бу биз суҳбатда бўлган юртдошларимизнинг шахсий мулоҳазаси. Тан олиш керак, ахборот майдонида бугун рақобат кучли. Босма нашрлар ҳам замон билан ҳамнафас бўлишга ҳаракат қилаётганини кўриш мумкин. Хўш, бу борада сизнинг фикрингиз қандай?
Маъсуджон Сулаймонов,
ЎзА мухбири