Қайиқлар тантанали равишда топширилди
Сирдарё вилоятида сув спортининг “Rowing & Canoe” йўналиши билан шуғулланувчи ёшлар сони сезиларли даражада ошмоқда. Буни вилоятда ушбу спорт турини ривожлантириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар, яратилаётган шарт-шароит ва имкониятлар билан изоҳлаш мумкин. Энг асосийси, бундай эътибор ва қўллаб-қувватлаш туфайли академик эшкак эшиш бўйича ўтказилаётган турли мусобақаларда иштирок этиб, нафақат Сирдарё вилояти, балки юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётган спортчилар сони ошиб бормоқда.
Ушбу спорт тури билан шуғулланувчи ёшлар билан учрашиш, яратилган шарт-шароитлар билан танишиш, спортчиларнинг тайёргарлик жараёнларини ўрганиш мақсадида Сирдарё вилоятига Ўзбекистон “Rowing & Canoe” федерацияси бош котиби Дидрих Вячеслав Сергеевич ташриф буюрди.

Ташриф доирасида Гулистон Олимпия ва Паралимпия захиралари марказида Спорт бошқармаси ҳамда марказ масъуллари иштирокида махсус учрашув ташкил этилди. Унда сув спортининг “Rowing & Canoe” турини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, академик эшкак эшувчилар учун яратилган шароитлар, Гулистон шаҳрида замонавий талабларга жавоб берадиган йирик сув спорти марказини ташкил этиш, шунингдек, жорий йилнинг ўзида Сирдарё вилоятида Республика миқёсида байдарка ва каноэ бўйича мусобақа ўтказиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Шундан сўнг меҳмон Сирдарё вилояти Спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Буранов ҳамроҳлигида Гулистон шаҳрида жойлашган байдарка ва каноэ спорт турлари базасида бўлиб, спортчилар учун яратилган инфратузилма, инвентарлар, тренажёрлар ва машғулот ҳудудлари билан яқиндан танишди ва мавжуд имкониятлар ҳамда спортчиларнинг тайёргарлик жараёнларини юқори баҳолади.

Энг қувонарлиси, федерация бош котиби Гулистон Олимпия ва Паралимпия захиралари маркази, Вилоят сув спорти мактаби, Янгиер ва Ширин шаҳарлари ҳамда Боёвут туманидаги 1- ва 2-сонли болалар-ўсмирлар спорт мактабларига жами 22 дона, умумий қиймати 4,5 миллиард сўмлик академик эшкак эшиш қайиқларини тантанали равишда топширди.
Бу эса сирдарёлик сув спортчилари, хусусан, академик эшкак эшувчилар учун муносиб туҳфа бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири