Қатъият ва имконият уйғунлиги
Бугунги кунда мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш давлат сиёсати даражасидаги устувор йўналишлардан бирига айланган. Айниқса, маҳаллаларда “ҳоким ёрдамчиси” институти орқали фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташаббусларини амалга оширишга кўмаклашиш натижасида кўплаб янги бизнес ғоялар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Бухоро вилояти Шофиркон тумани “Пахтаобод” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Анвар Бекбоев ана шундай интилиш ва ҳаракат орқали ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган фаол фуқаролардан бири ҳисобланади.
У маҳалла ҳоким ёрдамчиси Нодир Барноевга мурожаат қилиб, ўз режалари юзасидан маслаҳат ва йўл-йўриқлар олди. Берилган тавсиялар асосида Анвар Бекбоевга 10 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди ва шу маблағ ҳисобига беданачилик фаолиятини йўлга қўйди.

Айни пайтда тадбиркор хонадонида 1000 дона бедана парваришланмоқда. Уларнинг 500 донаси тухум йўналишида, яна 500 донаси гўшт етиштиришга мўлжалланган. Тадбиркор ўз фаолиятини кенгайтиришни мақсад қилиб, яқин вақт ичида яна 1000 дона бедана олиб келишни режалаштирган. Бунинг учун барча зарур шароитлар яратилган бўлиб, қўшимча қурилиш ишлари ва инфратузилмани шакллантириш учун умумий 50 миллион сўмлик сармоя жалб қилинган.
Беданачилик фаолиятида асосий харажатлардан бири озуқа ҳисобланади. Ҳисоб-китобларга кўра, 1000 дона бедана учун ойига ўртача 1 тонна озуқа сарфланиб, бугунги нархларда бу 5,8 миллион сўм атрофида маблағни ташкил этмоқда. Ҳозирга қадар умумий харажатлар қарийб 20 миллион сўмга етган.
Шу билан бирга, мазкур фаолиятнинг даромад жиҳатлари ҳам анча барқарор ва истиқболли. Масалан, 500 дона тухум йўналишидаги беданадан кунига ўртача 300 дона тухум олинмоқда. Агар ҳар бир тухум 500 сўмдан сотилса, кунлик тушум 150 минг сўмни, ойлик даромад эса қарийб 4,5 миллион сўмни ташкил этади.

Гўшт йўналишидаги беданалардан эса ўртача 150 килограмм гўшт олиниб, умумий даромад 15 миллион сўмга тенг бўлмоқда. Бу рақамлар беданачилик нафақат тез фойда келтирадиган, балки нисбатан кам сармоя билан йўлга қўйиладиган самарали бизнес тури эканини кўрсатади.
– Илгари тадбиркорликни бошлаш ниятим бор эди, аммо, қаердан ва қандай бошлашни билмасдим, – дейди тадбиркор Анвар Бекбоев. – Давлат раҳбарининг ташаббуси билан ҳоким ёрдамчиси орқали керакли маслаҳат ва молиявий кўмак олдим. Бугун эса ўз меҳнатим натижасини кўряпман. Келгусида беданалар сонини 5000 тага етказиб, яна бир нечта иш ўринлари яратишни режалаштирдим.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, туманда амалга оширилаётган бундай ташаббуслар аҳолининг тадбиркорликка бўлган қизиқишини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш ва даромад манбаларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Энг муҳими, бу каби лойиҳалар орқали “бир оила – бир бизнес” тамойили ҳаётга изчил татбиқ этилиб, юртимизда иқтисодий фаровонликка эришиш йўлида мустаҳкам қадамлар ташланмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.