Қатар савдо-саноат вазири билан учрашув
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Доҳа шаҳрида Қатар Давлати Савдо ва саноат вазири Али бин Аҳмад ал-Куварий билан учрашди.
Учрашувда савдо алоқаларини ривожлантириш, саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, қўшма иқтисодий тадбирлар ўтказиш масалаларини муҳокама қилинди.
Суҳбат чоғида мезбонларга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар, инвестиция фаолияти, жумладан, эркин иқтисодий зоналарда қулай шарт-шароит яратиш ва давлат корхоналарини хусусийлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ҳамкорликни ривожлантириш учун ҳар икки томонда ишга солинмаган улкан салоҳият мавжудлигини тасдиқлар экан, Али бин Аҳмад ал-Куварий иқтисодиётнинг барча соҳаларида савдо ва инвестициявий алоқаларни фаоллаштириш зарурлигини таъкидлади.
Қатар томони, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшма инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқишга, Ўзбекистоннинг туризм инфратузилмасини ривожлантиришда иштирок этишга қизиқиш билдирди.
Мулоқот давомида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия йиғилишига тайёргарлик кўриш, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқани фаоллаштириш тўғрисида келишувга эришилди.
ЎзА