Марокаш терма жамоаси Қатарда давом этаётган жаҳон чемпионатининг чорак финал учрашувида Португалия жамоасини 1:0 ҳисобида мағлуб этди.
Доҳадаги “Ал Тумам” стадионида ўтган учрашувнинг биринчи бўлими 42-дақиқасида афиркаликлар футболчиси Юсуф ан-Насирий томонидан киритилган гол сўнгги дақиқаларгача ягоналигича сақланиб қолди.
Айтиш лозим, марокашликлар мазкур чемпионат, унинг етакчилари, ғолиблари тўғрисидаги тахминлару башоратларни чиппакка чиқарган ҳолда эртакларни ҳақиқатга айлантирган жамоага айланди.
Аввалига ўз гуруҳида Бельгияни 2:0, Канадани 2:1 ҳисобида доғда қолдирган, хорватлар билан дуранг қайд этган, 1/8 финал босқичида испанларни томошабинлар сафига кузатиб қўйган марокашликлар ярим финал остонасида португалларни ҳам бошини эга олди.
Эътиборли жиҳати, айнан Португалия 2018 йили Россия Федерациясида ўтган жаҳон чемпионатида Марокашни гуруҳ босқичида 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, чемпионатнинг кейинги поғонасига чиқишдан маҳрум этганди.
Орадан тўрт йил ўтиб, Қатар-2022нинг 1/4 финалида энди марокашликлар португалларни финал сари “катта юриш”дан тўхтатиб қолишга эришди.
Энди Африка футбол жамоалари тарихида биринчи марта жаҳон чемпионатининг ярим финалига чиққан Марокаш ярим финалда Франция-Англия баҳсида ғолиб чиққан жамоа билан чемпионлик довонида рўбарў келади.
Марокашликлар иштирокидаги ярим финал учрашуви 14 декабрь куни Қатардаги "Ал байт" стадионида бўлиб ўтади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА.