Қатар-2022. Башоратлар яна тасдиқланадими?
Бугун, 5 декабрь куни жаҳон чемпионати нимчорак финали навбатдаги учрашувлари бўлиб ўтади. Япония Хорватия билан, Бразилия эса Жанубий Кореяга қарши майдонга тушади. Хўш, бу ўйинлар қай тарзда кечади? Қайси учрашувда кимнинг омад тулпори илдамроқ ҳаракатланади?
Мутахассис, мухлислар ўртасида турли тахминлар билдирилаётган бир пайтда “Five Thirty Eight” компаниясига тегишли супер компьютер ҳар икки учрашув ғолибини башорат қилди.
Ҳисоблаш машинаси жамоаларнинг ҳужум ва мудофаадаги кучини акс эттирувчи деограмма тақдим этди. Ушбу жадвалда келтиришича, Япония-Хорватия баҳсининг 1-бўлимида мухлислар тенг ўйинга гувоҳ бўлади-ю, аммо умумий устунлик болқонликлар фойдасига - 54 фоизга 46 фоизни ташкил этади. Хорватия турнирда ҳали мағлубиятга учрамаган, 1/8 финалга 2-ўриндан чиқққани эътиборли. Европа вакиллари Марокаш ва Бельгия билан 0:0 қайд этиб, Канадани 4:1 ҳисобида мағлуб этди.
Кўпчилик 2-турда Коста-Рикага ютқазиб, кутилмаганда Германия ва Испания устидан иродали ғалабага эришган қитъадошларимиз чемпионатда мўъжиза кўрсатишига ишонмоқда. Компьютер тахминига кўра эса кун чиқар юрт вакилларининг ҳаракати энди тўхтайди. Наҳотки, фаразга қарама-қарши ҳақиқатни исботлаб келаётган японлар яна бир шов-шув кўтара олмаса?!
Супер компьютер Бразилия-Жанубий Корея жуфтлигидаги етакчи жамоа сифатида Жанубий Америка вакилларини тан олган. Пеле издошларининг чорак финалга чиқиш имконияти 83 фоиз этиб кўрсатилмоқда.
Шу ўринда айтиш жоиз, ушбу қурилма олдинги ўйинлар хусусида ҳам тахмин билдирган. Хўш, аввалги башоратлар қай даражада ишонарли чиқди?
Тахминлар, нисбатан, тасдиқланган. Кечаги учрашувларда Франция-Польша 81:19 фоиз, Англия-Сенегал жуфтлиги эса 68:32 фоиз кўринишида баҳоланган. Франция терма жамоаси Левандовски етакчилигидаги полякларни 3:1 ҳисобида мағлуб этган бўлса, инглизлар африкаликларни 3:0 ҳисобида доғда қолдиргани башорат тўғри чиққанини англатмоқда.
Яна бир эътиборли жиҳат, ушбу компьютер аввалроқ Аргентинанинг Австралия, Нидерландиянинг АҚШ устидан ғалаба қозонишини ҳам тўғри топганди.
Т. Рўзиев,
ЎзА