«Қатар-2022»: Аргентинадаги шиддат, Мессининг рекордлари
Бугун, 14 декабрь куни Қатардаги «Ал-Байт» стадионида жаҳон чемпионати ярим финалида Франция-Марокаш ўйини ўтказилади. Ушбу учрашувни мексикалик Сесар Рамос бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳи бошқариб боради.
Кеча эса Аргентина терма жамоаси Қатарда зўр шиддат билан поёнига етиб бораётган 2022 йилги Жаҳон чемпионатининг ярим финалида Ҳорватияни мағлуб этди. «Лусаил» стадионидаги учрашув 3:0 ҳисобида жанубий америкаликлар ғалабаси билан якунланди.
Учрашувнинг 34-дақиқасида ўйиндаги ҳисобни Лионел Месси 11 метрлик жарима зарбаси орқали очган бўлса, 39-дақиқада Алварес Аргентина жамоасини финалга янада яқинлаштирди. Иккинчи бўлим, 69-дақиқада эса 22 ёшли Алварес Мессининг узатмасидан унумли фойдаланиб, ҳисобни 3:0га етказди.

Энди аргентиналиклар 18 декабрь куни ўтадиган финал ўйинида Франция-Марокаш қарама-қаршилигида ғолиб чиққан бахтли жамоа билан рўбарў келади.
Ушбу жамоалар баҳсининг қизиқ бир жиҳати – 2018 йилги Жаҳон чемпионатида аргентиналиклар айнан ҳорватларга 0:3 ҳисобида мағлуб бўлганди.
Аргентина-Ҳоватия учрашувининг ўзига хос шов-шувларидан бири – унда Лионел Месси самарали ҳаракатлар сони бўйича Жаҳон чемпионати рекордини ўрнатди.

Месси мундиалнинг учта ўйинида гол уришга ва голли узатмаларга муаллифлик қилган етакчи футболчи номига мушарраф бўлди.
Тажрибали ҳужумчи бундай муваффақиятга Мексика билан кечган гуруҳ ўйинида (2:0), Голландияга қарши 1/4 финалда (пенальтилар сериясида 2:2, 4:3) ва Ҳорватия билан ярим финал учрашувида эришди.
Бундан ташқари, Месси мундиалларда 11 та гол ва тўққизта голли узатмани қайд этди. У ушбу кўрсаткич бўйича Мирослав Клозе (16 + 3), Роналду (15 + 4), Герда Мюллер (14 + 5) ва Пеле (12 + 7)ни ортда қолдирди.
Эслатиб ўтамиз, бугун – 14 декабрь куни ярим финал ўйинининг иккинчи жуфтлигида Франция-Марокаш «дуэли» ташкил этилади. Жаҳон чемпионатининг 3-ўрин учун кечадиган учрашуви 17 декабрда, финал баҳси эса 18 декабрь куни бўлиб ўтади.
Т. Рўзиев, ЎзА