Қашшоқ давлатлар дон кутади...
Япония дон шартномасини қайта тиклаш ҳаракати сустлиги глобал озиқ-овқат хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан ташвишга тушмоқда ва Россияни халқаро ҳуқуқ доирасида шартномага қайтишга чақирмоқда. Бу ҳақда кун чиқар юрт Вазирлар Маҳкамаси Бош котиби Хироказу Мацуно маълум қилди. Москва муайян талабларни адо этгандан кейин Украина дон шартномасининг ўзига тегишли қисмини бажаришга киришади, дея баёнот бериб келинади.
АҚШ ҳукумати Киевга юборилаётган техникадан фойдаланиш бўйича зарур назорат ўрнатишни таъминламоғи лозим. Бу ҳақда америкалик сенатор Элизабет Уоррен “CBS” телеканалига интервьюсида айтиб ўтган.
“Маблағдан Киев мақсадли равишда фойдаланаётганига ишонч ҳосил қилишимиз керак”, – деди у.
Бошқа сенатор Марк Келли эса мазкур зиддият оқибатида АҚШ ва Россия ўртасида тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашув келиб чиқиши мумкинлигини таъкидлади.
“Вашингтоннинг ёрдамисиз Киев мағлуб бўлиши аниқ, агар ҳозир муваффақиятсизликка учрасак, бир-икки йилдан кейин россияликлар билан бевосита тўқнашувга дуч келишимиз мумкин, бугунги вазият шуни кўрсатмоқда”, деди у ҳам “CBS” телеканалига интервьюсида.
Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг АҚШ ва Канадага охирги сафарлари самарали бўлмаган. Бу ҳақда мамлакат собиқ Президенти Леонид Кучманинг маслаҳатчиси Олег Соскин баёнот берган.
– У чиройли нутқ сўзлашни билади, ғарблик шериклар бир-икки марта тинглаши мумкин, кейин энсалари қота бошлайди, – деган маслаҳатчи. – Зеленский бу сафарлардан фақат “қуруқ олқиш” олиб қайтди, бошқа натижа йўқ. Унинг Конгресс иккала палатасида чиқиши мўлжалланган эди, бўлмади. Канадада ҳам шу ҳолатни кузатиш мумкин.
Германия Мудофаа вазирлиги “DW” агентлигига баёнотда Россия давлат ОАВда чиққан Украинадаги ҳарбий ҳаракатда немисларнинг “Leopard” танки экипажи билан йўқ қилиб юборилгани тўғрисидаги ахборотини рад этган.
Ҳукуматнинг Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Польша бозорида сотилишига қўйилган тақиқ сақланиб қолиши тўғрисидаги қарори тўғри бўлган. Бу ҳақда мамлакат Президенти Анжей Дуда маҳаллий “TVP-1” телеканалига интервьюсида айтган.
– Варшава польшалик фермерларни қўллаш учун қатор чоралар кўрмоқда, – деди давлат раҳбари. – Украина донини қашшоқ давлатларга етказиб бериш транзити бўйича бор имкониятдан фойдаланиш керак.
Республикачилар партиясидан АҚШ президентлигига номзод Рон Десантис Украинанинг НАТОга қўшилиши Қўшма Штатлар хавфсизлиги манфаатига тўғри келмайди, деди.
– Бу бизга қўшимча мажбурият юклайди, аммо эвазига нима оламиз, – дея савол қўйган сиёсатчи. – Украинага ёрдам беришни қисқартириш лозим, Киев бу кўмакни инқироз тугаши учун сарфламаяпти.
Украинага тезкор-тактик “ATACMS” ракеталари етказиб беришни режалаётган АҚШ қора бозорга кириб қолиши мумкин, бу эса хавф келтириб чиқаради, - деди Буюк Британия Ҳарбий-ҳаво кучлари собиқ вице-маршали Шон Белл “Sky News” телеканалига.
“ATACMS” – баллистик ракета, қудратига кўра, Россия ҳудудига бемалол етиб боради. Бундай ракетадан фойдаланиш зиддият жиддий кескинлашувига сабаб бўлиши аниқ”, дея қўшимча қилди Белл.
Аброр Хон, ЎзА