Қашқадарёлик шифокорлар билан мулоқот
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг Қашқадарёга ташрифи доирасида Қарши шаҳрида вилоят соғлиқни сақлаш тизимида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш ҳамда Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган соҳага оид энг муҳим йўналишлар бўйича ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва устувор вазифаларни амалга ошириш юзасидан йиғилиш ўтказилди. Бу ҳaқда
Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.
Йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов ва парламентнинг бир гуруҳ депутатлари, соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Улуғбек Собиров, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Равшан Тўлаков ҳамда шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари, даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари иштирок этишди.
Унда таъкидланганидек, ҳудудлардаги кўпгина ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари даладаги экин қачон экилди, қачон суғорилди, қачон ва қанча ўғит берилди – беш бармоқдай яхши билиши мумкин, бироқ кўпгина ҳолларда мамлакатимизнинг энг асосий бойлиги бўлган халқ саломатлиги билан етарли даражада қизиқишмайди. Бу борада жойлардаги депутатлар фаоллигини ҳам ошириш, уларнинг салоҳиятидан унумли фойдаланиш зарурлигига эътибор қаратилди.
– Бир неча кундан бери вилоятнинг қатор туманларида Президентимиз фармон ва қарорлари ижроси, хусусан, тиббий хатлов якунларини ўрганиш жараёнида амин бўлдикки, тизимда масъулиятни ошириш борасида ҳали қиладиган ишларимиз жуда кўп, – дейди соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Улуғбек Собиров. – Тиббий хатлов бўйича ҳар бир рақамнинг ортида инсонлар тақдири, уларнинг келажаги турибди. Шу асосда хавф гуруҳлари ажратилаяпти, ҳудудларнинг саломатлик профиллари яратилаяпти. Мавжуд муаммолар таҳлил қилинаяпти. Жараённи амалга ошириш учун зарур барча ресурслар ажратиб берилди. Шу сабабли, бу борадаги статистиканинг реал бўлиши учун ҳар биримиз жон куйдириб, ҳаракат қилишимиз зарур.
Айниқса, вазирлик буйруғи билан ҳудудларга бириктирилган пойтахтлик юқори илмий салоҳиятли мутахассисларнинг бу борадаги ўрни сезилиши зарур. Улар олти ой давомида шу ҳудуд учун масъул, жойларда тиббиёт муассасаларининг моддий-техник жиҳатдан ривожлантиришни ҳокимлардан талаб қилиб, нафақат даволашда, ташкилий ишларда ҳам фаоллик, шахсий намуна кўрсатиб ишлашлари зарур.
Йиғилишда парламент вакиллари томонидан мутасаддиларнинг жойларда тегишли вазифалар ижросидаги муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан таклифлари тингланиб, муҳокама қилинди.
Масалан, қайд этилишича, барча тиббиёт муассасалари тўлиқ оптик толали интернет тармоғи, замонавий АКТ ускуналари билан таъминланиши зарур. Шунда тизимни рақамлаштириш, хусусан, хатлов натижаларини электрон базага киритиш, ҳудудларнинг саломатлик профилларини яратиш, электрон поликлиника ва телемедицинани ривожлантириш имкониятлари яратилади.
Тегишли меъёрларга асосан 13 000 аҳолига битта тез тиббий ёрдам шахобчаси хизмат кўрсатиши белгиланган. Аммо бу меъёр шаҳар учун ҳам, аҳоли тарқоқ жойлашган узоқ тоғ ёки чўл қишлоқлари учун ҳам бир хил. Бундай ҳудудлар учун алоҳида меъёрлар белгиланиши зарур.
Шунингдек, йиғилишда тизим мутасаддилари томонидан тиббиёт муассасаларида хўжалик ҳисобида топиладиган маблағларга солинадиган солиқ юкини камайтириш, давлат харидлари тизимини мақбуллаштириш, тиббий ускуналар етишмайдиган ҳудудларда шартнома асосида хусусий сектор имкониятларидан фойдаланиш, вилоятларда филиаллари бўлмаган ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг ҳудудлардаги вакиллари учун етарлича шароитлар яратиш сингари бир қатор таклифлар муҳокама қилинди. Ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
ЎзА