Қашқадарёлик энг ишбилармон аёллар
O‘zLiDeP Қашқадарё вилояти кенгаши ташаббуси билан Шаҳрисабз туманидаги “Лочин” оромгоҳида “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.
Унда танловнинг қуйи босқичларида ғолибликни қўлга киритган 14 нафар тадбиркор, ишбилармон ва фермер хотин-қизлар ўзларининг ишлаб чиқарган маҳсулотлари, ҳунармадчилик буюмлари, миллий ва замонавий услубда тикилган бежирим либослари кўргазмаси билан иштирок этди.
Танлов давомида иштирокчиларнинг лойиҳа низомига мувофиқ, хотин-қизлар учун қўшимча янги иш ўрни яратганлиги, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитгани, бандлигини таъминлаган ва ҳаётда ўз ўрнини топиб кетишида кўмаклашгани, фаолият туридан келиб чиқиб экспортга йўналтирилган ёки импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш, аҳолига кўрсатаётган хизматининг сифати ҳамда фаолиятида ҳаётга татбиқ этиб келаётган янги инновацион ғояларига алоҳида эътибор қаратилди.
[gallery-3411]
- Узоқ йиллардан буён миллий қўғирчоқлар ясаш ҳунари билан машғулман, - дейди китоблик ҳунарманд Азиза Муродова. – Оддий қоғоз парчалари, мато қийқимларидан ясалади бундай қўғирчоқлар. Маҳсулотларим билан кўплаб танловларда ҳам иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритганман. Бошида эрмакка бошлаган ишим бора-бора асосий мақсадимга айланиб қолди. Миллий қўғирчоқлар бола руҳиятига ижобий таъсир этади. Миллийлигимиз хусусидаги дастлабки таассуротларини шаклланишига хизмат қилади. Ҳозирда атрофимда кўплаб шогиртларим бор. Мактабгача таълим ташкилотларидан буюртмалар кўп бўлади. Бундан ташқари “Кўзмунчоқ” номли қўғирчоқ театрини ҳам ташкил қилганмиз. Унда болажонлар учун ўзбек халқ эртакларидан парчалар намойиш этамиз.
Иштирокчилар томонидан ташкил этилган кўргазмалар ҳакамлар томонидан баҳолаб чиқилгач, турли хил номинациялар бўйича ғолиблар тақдирланди. Якуний натижаларга кўра, Яккабоғ туманидаги “Малика Холмат қизи” фермер хўжалиги раҳбари Гулнора Дониёрова ғолиб деб топилди ва танловнинг республика босқичида иштирок этиш имконини қўлга киритди.
– Давлатимиз томонидан аёллар тадбиркорлигига берилаётган эътибордан жуда мамнунман, - дейди Г.Дониёрова. – Буни ўзим мисолимда ҳам кўряпман. 2004 йилда 30 гектар ердан фермерлик фаолиятини бошлаган бўлсам, бугунги кунда 134 гектар ерим бор. Асосий йўналишим пахтачилик-ғаллачилик бўлсада қўшимча чорвачилик, паррандачилик, боғдорчилик каби тармоқларни ҳам йўлга қўйганман. 20 нафар доимий 70 нафар мавсумий ишчиларим бор. Келажакда ҳали мақсадларим кўп. Камтарона меҳнатларим ҳисобга олиниб, танловнинг вилоят босқичида биринчиликни беришган экан, насиб этса республика босқичида ҳам муносиб иштирок этишга ҳаракат қиламан.
Хушовоз хонандаларнинг куй-қўшиқлари барчага кўтаринки кайфият бағишлади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА