Журналистик суриштирув
Ота-боболаримиз дуога қўл очаркан, ўт балосидан, сув балосидан асра, дея дуо қилишади. Албатта, бу бежизга эмас. Жиловлаб олинган ва тартибга солиб фойдаланилган сув борган ерини жаннатга айлантиради, аммо жиловланмаса, у келтирган оқибатларни тасаввур ҳам қилиш қийин.
5-6 май кунлари Қашқадарё вилояти ҳудудида ёғиб ўтган кучли ёғингарчилик натижасида вилоятнинг Чироқчи ва Шаҳрисабз туманларини боғлаб турувчи кўприкни сел сувлари бузиб, қулатгани хусусидаги лавҳалар ижтимоий тармоқларда кун мавзусига айланди. Кенг жамоатчилик билдираётган фикрлар хилма-хил. Кимдир кўприк аҳолига хизмат қилаётган муҳим кўприк эди, деса, бошқа биров уни таъмирлаш учун катта маблағ талаб этилиши ҳақида фикр юритган...
Хўш, аслида ушбу кўприк аҳоли учун аҳамиятлимиди?
Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида фотомухбир билан ўша манзилга бордик, аҳоли вакиллари билан суҳбатлашдик.
– Бу кўприк тахминан 80- йилларда гроб (тош майдалайдиган) заводнинг техникалари учун қурилган эди, – дейди шу ерлик Ислом бобо Тўраев. – Завод фаолиятини тўхтатгач, атрофдаги Ҳайиткўл, Духчи, Нушкин қишлоқлари аҳолиси нисбатан яқин йўл сифатида ундан фойдаланиб келишаётганди. Бир кун олдин келган сел сувлари уни қулатиб юборди. Нарироқда бошқа кўприк ҳам бор, лекин унга борадиган йўл жуда носоз, кўприк ҳам таъмирталаб. Масъуллардан ҳеч бўлмаса ўша кўприкни таъмирлаб беришини сўраб қоламиз. Аслида бу дарёдан унчалик ҳам катта сув ўтмайди. Баҳор пайтлари ёғингарчилик кўп бўлган йиллари баъзан катта сув келиб қолади.
Суриштирувларимиз давомида маълум бўлишича, Шаҳрисабз туманининг Пахтакор, Сарой ҳамда Чироқчи туманининг Ҳайиткўл маҳаллалари оралаб “Танҳоз” дарёси оқиб ўтади. Ушбу маҳаллаларни бир-бири билан боғлаб турувчи иккита кўприк мавжуд. 5-6 май кунлари Шаҳрисабз туманида кучли ёмғир ёққанлиги сабабли дарёда сел тошқини юзага келган. Ушбу табиий офат сабабли мавжуд кўприклардан бири вайрон бўлган.
– Бу кўпригимиз 6 май куни соат 5 лар атрофида сел келганлиги сабабли, қулаб тушди, – дейди “Сарой” МФЙ раиси Содиқ Тўхтамишов. – Фуқароларга ёки уларнинг чорва молларига зарар бермаган. Аслида бу кўприк иккинчи даражали кўприк бўлиб, маҳалламиз ва қўшни маҳаллалар аҳолиси бу кўприк орқали Чироқчи туманидаги бозорга ва метан заправкага ўтиб- қайтарди. Бундан юқорироқда 1,5-2 километр узоқроқда соз, яхши кўпригимиз ҳам бор. Бемалол фойдаланса бўлади. Аслида маҳалламиз ҳам ўша кўприк атрофида жойлашган.
Масъулларнинг маълум қилишича, бузилган кўприк 1985 йили гроп завод томонидан заводга тегишли бўлган қум-шағал ва тош ташишга мўлжалланган оғир техникалар ўтиши учун қурилган. 2000 йилда завод фаолияти тугатилгандан сўнг кўприкдан маҳаллий аҳолининг кам қисми нисбатан яқин йўл сифатида Чироқчи туманидаги метан газ шохобчасига, бозорга ўтиш учун фойдаланиб келган.
1988 йилда эса аҳоли ва транспорт қатнови учун ҳудудда яна бир кўприк бунёд этилган. Ушбу кўприк ҳозир техник соз ҳолатда ва Пахтакор, Сарой ҳамда Чироқчи туманининг “Ҳайиткўл” маҳалларини боғлаб турувчи асосий кўприк ҳисобланади. Мазкур кўприк орқали аҳоли транспортлари қатнови давом этмоқда.
– Ушбу кўприк хўжаликлараро кўприк бўлиб, тош майдалаш заводига қарашли эди, – дейди Шаҳрисабз туман ободонлаштириш бошқармаси йўл кўприк мутахассиси Ҳазратқул Ботиров. – 2000 йилда заводнинг иш фаолияти тугатилгач, кўприк эгасиз қолган ва туман ободонлаштириш бошқармаси балансига ўтказилган сақлаш учун. Ҳозирги кунда сув кўпайгани туфайли сел олиб кетди. Бузилган кундан эътиборан кўприкнинг икки томонининг хавфсизлиги таъминланди. Одамлар ва техника ўтиб қайтишини тўхтатиш учун тупроқ кўтарилиб, йўл белгилари ўрнатилди. Сувнинг оқими секинлашгандан кейин бетон парчалари олиниб, дарёнинг қирғоғи мустаҳкамланади.
Дарёда ҳамон пўртана сув оқмоқда. Қулаган кўприкни батамом қамраб олган сув ҳовури узоқдан қулоққа чалинади. Қирғоққа яқинлашиш ҳам бироз хатарли. Боиси, ҳар лаҳзада қирғоқ чети ўпирилиб тушишга тайёр. Қирғоқнинг емирилиши дарё яқинида яшовчи аҳолининг ҳам хавотирига сабаб бўлмоқда. Чироқчилик Дилзода Тўраева дарёда сел келиши одатий ҳол эканлигини айтиб, қирғоқ йилдан йилга қишлоқ томон яқинлашаётганини билдириб ўтди.
[gallery-17307]
– Чироқчи тумани Болсувар қишлоғиданман, – дейди Дилзода Тўраева. – Кўпригимиз бузилди. Қўрқув ва хавотирда қолдик. Чунки ҳовлимиз дарё ёқасида. Кўприкни таъмирлаб беришса ёки қирғоқларини тезроқ мустаҳкамлашса, яхши бўларди. Сел оқибатида нураб тушаётган дарё қирғоғи уйимизга яқинлашиб қолди.
Селнинг кўлами у қолдирган излардан ҳам кўриниб турибди. Масъуллар кўприк ҳудуддаги асосий кўприк ҳисобланмаслигини, аҳоли фойдаланиши учун дарё тепароғида бошқа бир кўприк борлигини ва у селга чидамли эканлигини маълум қилишди. Айни дамда ҳудуддаги вазият хавфли ҳисобланиб, кўприк яқинида фуқаролар ва транспорт воситалари ҳаракати чекланган. Масъуллар махсус белгилар ўрнатиб, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасида зарур чораларни кўрмоқда.
<iframe width="990" height="557" src="https://www.youtube.com/embed/g3o_ZpGEZRk" title="Qashqadaryodagi sel olib ketgan koʻprik aholi uchun ahamiyatlimidi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Тошқин пасаймагани боис кўприк асоратларини бартараф қилишнинг имкони йўқ. Масъуллар сув сатҳи пасайиши билан қирғоқни мустаҳкамлаш бўйича зарур чоралар кўрилишини билдириб ўтишди. Шундай бўлса-да, ёғинли кунларда сел хавфи бўлган ҳудудларда эҳтиёткорликни ошириш фойдадан холи бўлмаслигини эслатиб ўтамиз.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат, видео),
ЎзА мухбирлари