Қашқадарёда “Маърифат ҳафталиги” тадбирлари ўтказилди
Қашқадарё вилоятида 25-26 ноябрь кунлари “Ўзбекистон – ўз-ўзимизники!” шиори остида “Маърифат ҳафталиги” ижтимоий-маърифий лойиҳаси доирасида қатор тадбирлар ташкил этилди.
Унда маҳалла аҳолиси, жамоатчилик вакиллари, фольклор жамоалари, талабалар, профессор-ўқитувчилар, корхона ишчи-ходимлари ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирок этди.
Ҳафталик Қамаши туманидаги Чим маҳалласида “Маҳалла билан юзма-юз” лойиҳаси доирасидаги учрашув билан бошланди. Мулоқотда маҳалладаги маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, оилавий қадриятларни асраш, ёшлар тарбияси ва китобхонлик маданиятини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.

Китоб туманидаги Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасасида “Уйғоқ идрок” ва “Маърифат улашиб” лойиҳалари доирасида имомлар ҳамда талабалар билан учрашувлар ўтказилди. Шунингдек, “Миллат фидойилари” лойиҳаси доирасида Ватан сарҳадларини халқаро террорчилардан ҳимоя қилиш чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган сержант Отабек Авазович Муҳаммадиевнинг хонадонида бўлди. У 2019 йил 11 январдаги Президент фармонига мувофиқ “Жасорат” медали билан тақдирланган. Учрашувда ҳарбий хизматчининг ҳаёт йўли ёшлар учун ватанпарварлик, фидойилик ва юртга садоқат намунаси экани таъкидланди.

Шаҳрисабз шаҳридаги “Темурбеклар мактаби”да “Конституция – инсон қадри улуғланган эркин ҳаёт ва янги келажак пойдевори” мавзусида учрашув ташкил этилди. Унда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, Тошкент давлат юридик университети профессори, юридик фанлар доктори Феруза Муҳиддинова ўқувчилар билан мулоқот қилди. Конституциянинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ҳамда ёшлар учун яратилаётган имкониятлардаги аҳамияти хусусида сўз юритилди.

Ғузор туманидаги Uzbekistan GTL заводи ва Муборак газни қайта ишлаш заводида корхона ишчи-ходимлари иштирокида “Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида тадбирлар ўтказилди. Муборакда, шунингдек, “Яшил макон” лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбири ташкил этилди. “Яхшилик карвони” лойиҳаси доирасида республика тарғибот гуруҳи ва туман ҳокимлиги вакиллари хонадонлардан бирига ташриф буюриб, аҳвол билан танишди.

Қарши шаҳридаги Иқтисодиёт ва педагогика университети ҳамда Ахборот технологиялари менежменти университетида талабалар ва профессор-ўқитувчилар иштирокида “Уйғоқ идрок”, “Маърифат улашиб” лойиҳалари ва Конституция мазмун-моҳиятига бағишланган учрашувлар бўлиб ўтди. Уларда Бош қомусимизнинг инсон қадрини улуғлаш, қонун устуворлигини таъминлаш, таълим олиш ҳуқуқи ва ёшларнинг салоҳиятини рўёбга чиқаришдаги ўрнига эътибор қаратилди.

Қарши санъат мактабида эса ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижодий маҳоратини оширишга қаратилган “Истеъдодлар давраси” маҳорат дарси ташкил этилди.
Ҳафталик Қарши туманидаги Хонобод ҳарбий қисмида ҳарбий хизматчилар иштирокида “Ватан посбонлари — юрт келажаги” мавзусидаги учрашув билан якунланди.

Мазкур тадбирлар Республика Маънавият ва маърифат марказининг Қашқадарё вилояти бўлими, Республика “Маърифат” тарғиботчилар жамияти, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда ҳамкор ташкилотлар иштирокида ташкил этилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири