Хон атласдан тикилган либоснинг хотин-қизларга ярашиб туришини бутун дунё эътироф этган. Афсуски бугун ироқи дўппию хон атласдан кўйлак кийган хотин-қизларни фақат байрам ва сайлларда кўришга одатланиб қолдик. Аслида соф ипакдан тайёрланган атлас, адрас, шойи каби матолар инсон саломатлиги учун ҳам фойдали.
Республикамиз бўйлаб 9-14 сентябрь кунлари ўтказилаётган “Хон атлас ҳафталиги” ўзбек аёлларининг мана шундай унутилаётган миллий кийиниш анъаналарини ёдга солгандек бўлди.
Қашқадарёда ҳам ушбу ҳафталик кўтаринки руҳда ташкил этилмоқда.
Ҳафталикни ўтказишдан мақсад ўзбек халқининг кўп асрлик ўтмиш маданияти, урф-одат ва анъаналари, диди, эстетик қарашлари, шунингдек, ташқи қиёфа, либос борасида ўзига хос хусусиятларини намойиш этишдир.
Ҳафталик доирасида барча тоифадаги хотин-қизлар, уй бекалари, ўқувчи-талаба қизлар, ёш келинлар, турли ташкилотларда фаолият кўрсатаётган ходимлар ўртасида миллий қадриятларни тарғиб этувчи тадбирлар ташкил этилмоқда.
[gallery-19209]
Жумладан, тадбир доирасида Абдулла Орипов номидаги ижод мактабида ҳам кўргазмалар, модалар намойиши, челленжлар ташкил этилди.
– Миллий либосларимиз халқимизнинг неча асрлик ўтмиши, урф-одат ва қадриятларини асраб авайлаб, келажак авлодга етказишда гўзал восита бўлиб хизмат қилади, – дейди вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси раҳбари Зиёда Аминова. – Атлас, адрас кийган ўзбек аёлларининг латофати, назокати намойиш бўлиши билан бирга, гўзаллик қўшилади. Яна бир муҳим жиҳати табиий ипак матосидан тайёрланган хон атлас ва адраслар аёллар саломатлиги учун ҳам фойдалидир. Вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси томонидан ҳафталик давомида вилоятдаги 828 та маҳаллада, 200 дан ортиқ муассаса, ташкилот ва идораларда “Хонатлас ҳафталиги” зўр кўтаринки руҳда ўтказилмоқда. Боғчаларда бошланган ҳафталик ташкилот, муассасаларда, хонадонларда давом этмоқда. Момоларимиз либосларини ардоқлаб, қадимий бичим ва фасонларни қайта тиклаш, уларни тарғиб қилиш орқали ёш авлоднинг қизиқишларини орттириш, анъаналар давомийлигини таъминлашга асосий эътибор қаратилмоқда.
Маълумот ўрнида, ўзбек миллий шойи матолари – атлас ва адрасни тайёрлаш технологияси ЮНЕСКО номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича илғор тажрибалар рўйхатига киритилган
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари