Транспорт воситаларини алькоголли ичимлик, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқариш маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг объектив томонини ташкил қилувчи ҳаракатлар МЖтК билан қўриқланадиган жамоат муносабатларини бузади ва унинг оқибатида жиноятлар содир этилишига ҳам олиб келади.
Ушбу тоифадаги жиноятлар йилдан-йилга ошиб бораётгани инобатга олиниб, унга нисбатан жазо чораси кучайтирилмоқда. Жумладан, 2018 йил 22 октябрдаги ЎРҚ-503 – сонли қонун билан МЖтКнинг 131-моддаси 1-3-қисмлари санкциясидаги жазолар кучайтирилди. Киритилган ўзгартиришга кўра, МЖтКнинг 131-моддаси 1-қисмига махсус ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари миқдорида жарима қўлланилиши белгиланди.
Бу қонун қабул қилинишига Республика бўйича 2017 йилда маст ҳолда транспорт воситаларини бошқариш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик 53 минг 541 та аниқлангани ва бу кўрсаткич 2016 йилга нисбатан 42 фоизга ошганлиги сабаб бўлган. Қашқадарё вилоятида 2021 йилда ушбу тоифадаги ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортилган шахслар сони 2020 йилга нисбатан 10 фоизга ошган бўлса, жиноят ишлари бўйича судларнинг Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати билан ҳамкорлигида ушбу тоифадаги ҳуқуқбузарликнинг профилактикаси борасида ўтказилган тадбирлар натижасида ҳайдовчиларнинг маст ҳолатда транспорт воситасини бошқариши бир мунча камайган.
Жумладан, 2021 йилнинг биринчи чорагида 709 шахс транспорт воситасини маст ҳолатда бошқарганлиги учун жазоланган бўлса, 2022 йилнинг шу даврида ушбу кўрсаткич 456 тани ташкил қилган. Бу тоифадаги ҳуқуқбузарликлар сони 253 тага ёки 36 фоизга камайган. Бугунги кунда йўл ҳаракати хавфсизлиги масаласи ўта муҳимлиги сабабли, бу борадаги фаолиятимизни танқидий қайта кўриб чиқиб, ушбу тоифадаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасини янада кучайтириш зарур бўлади. Маст ҳолатда транспорт воситасини бошқарганлиги учун жавобгарликка тортилган 456 шахсдан 393 нафарига жарима (шундан 361 нафарига жарима билан бирга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланган), 63 нафарига маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Маъмурий жавобгарликка тортилганларнинг 93 нафарини ёшлар (18-30 ёш), 14 нафарини 60 ёшдан ошган шахслардир. 2021 йилнинг биринчи чораги давомида жарима қўлланилган шахсларнинг 49 фоизига МЖтКнинг 33-моддасига асосан қонунда белгиланган жариманинг энг кам қисмидан ҳам камроқ жарима қўлланилган бўлса, 2022 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич – 2 фоизни ташкил қилган.
Мазкур тоифадаги ишлар бўйича 2021 йилдаги суд амалиёти умумлаштирилиб, вилоят суди Раёсатида танқидий руҳда муҳокама қилинди ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш борасида Ёшлар ишлари агентлигининг Қашқадарё вилояти бошқармаси, Оила ва хотин-қизлар бошқармасига тақдимномалар киритилди.
Бундан кейин ҳам, судлар бу тоифадаги ҳуқуқбузарликларга қарши муросасиз курашади ва бу каби қўпол қоидабузарларга жазо муқаррарлиги таъминлашини инобатга олиб, барча йўл ҳаракати қатнашчиларидан қонунларга қатъий риоя қилишни сўраймиз.
Ў.Мамадалиев,
Қашқадарё вилоят суди раиси ўринбосари
ЎзА