Қашқадарёда 1 478 нафар бола оромгоҳларга бепул юборилди
Мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя тизимини янада такомиллаштириш, камбағал оилалар фарзандларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Бу борада Президентимизнинг 2025 йил 8 майдаги “Камбағал оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони муҳим ҳуқуқий асос бўлди.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, 2026 йил 1 январдан бошлаб камбағал оилаларнинг аъло баҳоларда ўқийдиган фарзандларининг Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси тизимидаги оромгоҳларда дам олиши ва соғломлаштирилиши билан боғлиқ харажатлар давлат томонидан тўлиқ қоплаб берилиши белгиланди.

Айни пайтда мазкур тизим асосида Республика бўйлаб “Ижтимоий реестр”га киритилган оилалар фарзандлари оромгоҳларга юборилмоқда.

Қашқадарё вилоятида жорий мавсумда 2 минг 968 нафар болани оромгоҳларда бепул дам олдириш режалаштирилган. Ҳозирга қадар уларнинг 1 478 нафари оромгоҳларга йўлланма асосида юборилди.

Бу ташаббус нафақат болаларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши ва соғломлашишига, балки уларнинг дунёқарашини кенгайтириш, янги дўстлар орттириши, китобхонлик, спорт ва маданий тадбирларда фаол иштирок этиши учун ҳам кенг имконият яратмоқда.

Яккабоғ туманида яшовчи 9 ёшли Фарзона Жўраева ана шундай имкониятдан фойдаланган болалардан бири.

– Илгари ҳеч қачон оромгоҳга келмаган эдим. Бу йил биринчи марта келдим. Бу ер менга жуда ёқди. Турли спорт ўйинлари, қизиқарли тадбирлар ташкил этилар экан. Китоб ўқишни яхши кўраман, бу ерда кутубхона ҳам бор. Кўплаб янги дугоналар орттирдим. Ҳозир жуда хурсандман, – дейди у.

Айтиш жоизки, мазкур тизим болаларнинг ёзги таътилини мазмунли ташкил этиш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш билан бирга, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг яна бир муҳим амалий кўриниши ҳисобланади.

Бу каби ташаббуслар орқали ҳар бир боланинг муносиб дам олиши, иқтидорини ривожлантириши ва тенг имкониятларга эга бўлишига хизмат қиладиган ижтимоий ҳимоя тизими янада мустаҳкамланмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири