“Қашқадарё ёш бахшилари”
Чироқчи бахшичилик санъатининг дарғаларидан бири, Ўзбекистон халқ бахшиси Шомурод шоир Тоғай ўғли хотирасига бағишланиб, туман маданият саройида ўтказилган “Қашқадарё ёш бахшилари” танлови байрам тусини олди.
Дўмбираси бўйига бўйи етмайдиган, аммо кўзлари чанқоқ, қарашлари тийран ёш бахшиларга нигоҳингиз тушиши билан вужудингизни аланга чирмайди. Бирин-кетин саҳнага чиқиб, дўмбира чертиб терма ёки халқ достонларидан парча куйлашганда, улкан саройга жимлик чўкади. Деразадан ёпирилиб, юз-кўзингизга урилган шамолнинг оташига парво қилмайсиз.
Танлов бошланиши олдидан филология фанлари докторлари Дамин Тўраев, Насим Очилов, Ўзбекистон халқ бахшиси Абдумурод Раҳимовлар халқ оғзаки ижодининг ҳаётбахш ва бадиий юксак қирраларига баҳо бериб, Президентимизнинг ташаббуси билан бу санъат тури бугун янгича оҳор касб этганлиги, бўй-басти тик тортиб, қалб маҳзанига айланганини мамнуният билан таъкидлашди.
Айниқса, Чироқчи бахшичилик мактабининг алоҳида ўрни борлиги, Тоғай шоир Маҳман ўғли, Азим бахши Хўжаев, Ўсар бахши, Нарзулла бахши ва шу каби оқинлар терма-ю достонлари билан эл назарига тушганлигини хотирлашди.

Танлов олдидан чироқчилик ижодкор Норқизил Кенгбоевнинг “Қашқадарё бахшилари” китоби тақдимоти ҳам бўлди. Китобда Қашқадарёнинг 29 нафар бахшиси ҳаёти ва ижодига адабий чизгилар берилган. Китоб ҳақида сўзга чиққанлар илиқ фикрлар билдиришди.
Танловда ҳар бир ёш бахши устоз бахшининг “Бийигул” термасини завқ билан куйлашди. Якунга кўра эса, ёш бахшилар Бекжон Раҳимов, Жалолиддин Абраев, Нуриддин Раҳимов, Шовдирбек Бойхўрозов, Жавоҳир Жумаев, Севинчхон Исмоилова ва бошқалар совриндор бўлишди.Уларга қимматбаҳо совғалар топширилди.
– Шомурод бувамиз бахшиларнинг нақшиларидан бири эди, – деди Ўзбекистон халқ бахшиси Абдумурод Раҳимов. – Бугун унинг издошларини кўриб, севинчим Амударёдек тошди. Бу анъана йилдан-йилга сайқал топишига ишонаман.
Ўроз Ҳайдар,
Ёзувчилар уюшмаси Қашқадарё вилоят бўлими раҳбари