Қашқадарё хабарлари – қисқа сатрларда
Бир гуруҳ ишбилармонлардан иборат Покистон давлати делегациясини қабул қилган вилоят ҳокими бугунги савдо-иқтисодий, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, фармацевтика, кимё ва бошқа тармоқларда ҳамкорлик ҳар икки томон учун ҳам самара беришини билдирди.


Шунингдек, вилоят ҳокими Покистон делегациясига воҳамизнинг салоҳияти ҳақида ахборот бериб, икки томон учун ҳам манфаатли бўлган лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканлигини билдирди.
***
Қашқадарёда 136 нафар эҳтиёжманд талаба хотин-қизга олий ўқув юртида ўқиш учун шартнома пуллари тўлаб берилади.
Қашқадарё вилоят ҳокими Муротжон Азимов томонидан ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизларнинг олий таълим олишини қўллаб-қувватлаш мақсадида муҳим қарор қабул қилинди. Ушбу қарорга кўра, 136 нафар талабанинг олий ўқув юртларида ўқиши учун тўлов шартномаларини тўлаш билан боғлиқ харажатлар давлат томонидан қопланади.
Бу қарор ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ёшлар учун катта имкониятлар яратади. Кўплаб талаба қизлар молиявий қийинчиликлар сабабли олий таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлиши мумкин эди, лекин вилоят ҳокимининг бу ташаббуси уларнинг келажакда юқори малакали мутахассис бўлиши учун йўл очади.
Мазкур қарорда вилоят маҳаллий бюджетининг 2024 йил захира маблағлари ҳисобидан 136 нафар талаба қизларнинг тўлов шартнома сўммасини тўлаб бериш билан боғлиқ харажатлар учун вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармасига 698 миллион 185 минг сўм маблағ ажратилиши кўрсатилган.
***
Китоб туманида IT ва хорижий тилларга ихтисослашган “Iqtidor school” номли таълим маскани очилди.

Ўтган йили давлат хусусий шерикчилик асосида китоблик таниқли IT мутахассиси, ҳозирги кунда ўзининг мазкур йўналишда нуфузли компаниясига эга бўлган Алишер Тожиев томонидан “Iqtidor IT-akademiyasi” ташкил этилган эди ва қисқа муддат ичида мазкур лойиҳа ўзининг сезиларли самарасини берганди.
Мазкур эзгу ишлар давоми сифатида тадбиркор томонидан “Iqtidor school” номи остида 1-4 синфга мўлжалланган нодавлат таълим маскани очилди. Бу эса Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 33 йиллиги байрами арафасида хушхабар бўлди десак, муболаға бўлмайди.

Маълумот ўрнида: 100 ўринга мўлжалланган мазкур хусусий мактабда IT ва бир нечта хорижий тиллар мукаммал ўқитилади. Дарс машғулотлари ривожланган давлатларнинг ўқув методлари ва тажрибалари асосида ташкил қилинган ўқув услубларидан фойдаланилади. Бундан ташқари, ўқувчилар учун дам олиш хоналари, замонавий кутубхона каби бир қатор қулайликлар яратилган бўлиб, бу ерда таълим олувчиларга 3 маҳал таом, мактаб формаси берилади.
Ўлмас Баротов,
ЎзА мухбири