Қашқадарё хабарлари – қисқа сатрларда
Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов бошчилигидаги масъуллар Хитойнинг яна бир, яъни “Xiamen International Trade Co., Ltd.” компанияси вакиллари билан учрашув ўтказди.
Вилоят ҳокимининг воҳа ижтимоий-иқтисодий имкониятлари, жумладан, тўқимачилик, пахта етиштириш, балиқчилик ва товуқчилик, тиббиёт, фармацевтика, электротехника ҳамда қурилиш материаллари саноати ҳақида берган маълумотлари меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Йиғилишда Хитой компанияси томонидан тўқимачилик, қурилиш материаллари, паррандачилик ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқариш соҳаларига инвестиция киритиш масалалари муҳокама қилинди

***
Замонавий тарзда қурилган ва ўзида дам олувчилар учун барча қулайликни мужассам этган “Arbat” меҳмонхонасининг расмий очилиш тадбири ўтказилди ва унда вилоят ҳокими бошчилигидаги секторлар раҳбарлари, шаҳар ҳокими ва меҳмонхона ходимлари иштирок этди. Бу ердаги қулайликлар таништирилди.
66 ўринли меҳмонхонада 100 кишилик ресторан ҳам иш бошлади. Бу ерга ташриф буюрувчилар нафақат ўзбек, балки европа таомларидан ҳам тановул қилибгина қолмай, шаҳар гўзаллигини томоша қилиш имконига эга бўлади.

***
Шу кунларда Россия Федерациясининг Рязань областида бўлиб турган Қарши шаҳри ҳокимлиги делегацияси “Динамо” миграция агентлигида ватандошларимиз билан учрашиб, мулоқот ўтказди. Мулоқот давомида кўтарилган айрим масалалар жойида ўз ечимини топди.
Бундан ташқари, делегация бир қатор компаниялар раҳбарлари билан учрашиб, музокаралар олиб борди. Учрашувда Рязань областида фаолият олиб борувчи “Просторы Полесья” компанияси билан 50 та, “ГК Фабрикант” компанияси билан 200 та бўш иш ўрнига фуқароларимиз, жумладан, ёшларни сифатли ва юқори маошли ишларга жалб қилиш ҳамда мазкур компанияларнинг ишлаб чиқариш филиалларини Қарши шаҳрида ҳам ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.


Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири